Самарқанд шаҳар ҳокими бир гуруҳ журналист ва блогерларни касб байрами билан қутлади
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров иштирокида бир гуруҳ ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар учун тадбир ташкил этилди.
Тадбирда ҳоким барча оммавий ахборот воситалари ходимларини байрам билан табриклаб, бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қўшаётган ҳиссалари қатори, Самарқанд шаҳрининг янада чирой очиши, аҳоли турмуш фаровонлигининг юксалиши, шаҳарда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ривожланишлар замирида журналист ва блогерларнинг фидокорона меҳнатлари мужассам эканлигини таъкидлади.
- Сизнинг жойларда учраётган ва ислоҳотларнинг боришига салбий таъсир кўрсатаётган айрим муаммо ва камчиликларни ҳам ёритиб, бунга жамоатчилик эътиборини қаратётганингиз, нуқсонларни бартараф этишда ташаббускорлик кўрсатаётганингизни қадрлаймиз, - деди Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Умаров. - Бу борада ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз.
Тадбир сўнггида соҳа вакилларига ҳокимлик ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.