Сербияда COVID-19 сабабли жорий этилган чекловларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди

8 июлга ўтар кечаси Сербия пойтахти Белград шаҳри марказида оммавий тартибсизликлар содир бўлди. Бу ҳақда РИА Новости мухбири маълум қилди.

Сербия Президенти Александр Вучич коронавирус билан курашиш учун жорий этилиши режалаштирилаётган янги чекловлар ҳақида эълон қилганидан сўнг одамлар намойишга чиққан.

Намойишчиларнинг энг “жаҳлдор”лари полицияга ҳужум уюштирган, мамлакат парламенти биносигача бостириб кирган, полиция автомобиллари ва чиқинди контейнерларига ўт қуйган. Бунга жавобан мамлакат полицияси кўздан ёш чиқарувчи газ ва бошқа махсус воситалардан фойдаланган.

Мамлакат ИИВ берган маълумотга кўра, парламент биноси ёнида 5 минг атрофида одам йиғилган.

“Норозилик намойиши иштирокчиларининг бир гуруҳи ўзларини безорилардек тутишди. Улар ўз хизмат вазифасини бажараётган полиция ходимларига ҳужум уюштирдилар ва уларни тошбўрон қилдилар”, деб таъкидлади полиция директори Владимир Ребич.

Ҳибсга олинганлар ва жароҳатланганлар сони ҳақида маълумот берилмаяпти.

7 июль куни Сербия Президенти коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли мамлакатда яна “комендант соати” жорий этилишини эълон қилди. Мазкур эълондан сўнг одамлар оммавий намойишга отланди.