Шаҳардаги тирбандликка ечим борми?

(иккинчи мақола)
Ҳафта бошида шу саволни қўйиб, кўрган-кечирганларимиз асосида фикрларимизни баён қилгандик. Гарчи ҳали шаҳар масъуллари бунга ўз муносабатини билдирмаган бўлса-да, жамоатчилик вакиллари ўз мактуб ва телефон хабарларида тирбандликлар ва йўллардаги кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун пиёдалар йўлаклари, ер ости ва ер усти ўтиш йўлларига ҳам эътибор қаратиш зарурлигини таъкидламоқда.
Пиёдалар йўлаклари савдо майдонига айланмаслиги керак
Кейинги йилларда шаҳардаги йўл инфратузилмаси яхшиланиб, катта йўл ёқалари билан маҳаллалардаги ички йўллар атрофида ҳам пиёдалар ва велосипедда ҳаракатланиш учун йўлаклар ташкил этилди. Бу биринчидан, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини тартибга солишга хизмат қилди. Иккинчидан, одамлар кўпроқ пиёда ёки велосипедда юришни одат қилди ва бу саломатлик учун жуда муҳим.
– Ишга келиш ва кетишда асосан, пиёда юраман, – дейди Рустам Ҳайитов. – Йўл-йўлакай бугун нима иш қилишим кераклигини ўйлайман, кечқурун кетишда эса кунлик ишларимни сарҳисоб қилиб оламан. Мирзо Улуғбек, Амир Темур, Гагарин, Рудакий, Беруний, Бўстонсарой кўчаларидаги пиёдалар йўлакларидан юриш анча қулай, бемалол юрасиз. Лекин Нарпай, Буюк Ипак йўли, Фирдавсий кўчаларида, Сартепа ва Суғдиёна массивларида пиёдалар йўлаклари шу кўчадаги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари эгалари томонидан эгаллаб олинган ёки одамлар ҳеч иккиланмай автомашинасини шу ерга қўйишади. Кўп жойларда эса йўлаклар автомобил сотиш масканларига айланиб қолган. Яқинда Қорасув массивига боргандим. Бу ерда йўлларнинг торлиги етмагандек, аҳоли шу йўллар четига, пиёдалар йўлакларига ва ҳатто майсазор устига автомашина қўйганини кўриб, наҳотки бу тартибсизликларнинг олдини олиб бўлмаса, деб ўйланиб қолдим.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик зарур
Пиёдалар йўлакларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг мустақил ҳаракатланиши учун шароит бўлиши керак. Бу ҳақда ҳукумат қарори ҳам мавжуд. Дастлаб вилоят, туман ва шаҳар марказларида биттадан кўча тажриба асосида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракатланишига мослаштирилиши, сўнгра бу тажриба бошқа кўчаларда қўлланилиши белгиланган. Аммо шаҳарнинг Рудакий ва Ибн Сино кўчаларининг бир қисмида бошланган бу эзгу иш шу ҳолида қолди, шекилли, бошқа жойларда бунга кўзимиз тушмади.
Бир неча йил олдин Орзу Маҳмудов кўчаси гастрономик кўчага айлантирилганда бу ердаги пиёдалар йўлаклари зинасиз ҳолатда қилинганди. Бу айниқса, кекса ёшдаги ва ногиронлиги бўлган шахслар учун жуда қулай. Аммо бу тажриба бошқа жойларда қўлланилмади. Тўғри, йўлнинг релефи ва бошқа жиҳатлар зинасиз йўлак ташкил этишга имкон бермас, лекин шу зина ёнида ногиронлик аравачасида ҳаракатланиш учун пандус яратиш мумкин-ку!
Депутатлар тирбандлик ва йўлаклар масаласини нега кенгашга олиб чиқмайди?
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутатлари ва шаҳардан вилоят Кенгашига сайланган депутатлар билан гаплашиб, шу масала ҳақида фикрларини сўраганимизда, уларнинг аксарияти тегишли идоралар ва шаҳар ҳокимлигига депутатлик сўровлари юборганлигини айтди. Сўровга жавоб олганлардан олмаганлар кўпроқ экан, бу бошқа мавзу. Аммо на шаҳар, на вилоят Кенгашида мазкур масала алоҳида тарзда муҳокама қилинган. Ваҳоланки, бугун Самарқанд шаҳрида бу энг муҳим, ечимини кутаётган муаммолари кўп бўлган масала ҳисобланади.
Тошкент шаҳрида кейинги йилларда тирбандликлар кўпайгани ва жамоат транспорти юкламаси ошгани сабабли таълим муассасаларида дарс жараёнлари, айрим ташкилотларда иш вақти бошланиши ва тугаши тартиблари ўзгартирилган эди. Нега бундай тартиб ҳалигача Самарқанд шаҳрида қўлланилмаяпти? Аксарият мактаб ва олий ўқув юртларида дарслар соат 8-9 оралиғида бошланади. Бу масалани ҳам Кенгашда кўриб, ҳокимлик ва таълим муассасаларига таклиф бериш мумкин назаримизда. Ҳеч бўлмаганда тирбандлик кўп кузатиладиган йўллар атрофидаги мактаблар ва ўқув юкламасига таъсир кўрсатмайдиган олий ўқув юртларида машғулот бошланиш вақтини ўзгартириш зарур.
Ташаббус фақат вилоят ҳокимлигиданми?
Яқинда Самарқанд шаҳар Шоҳи Зинда кўчасида (Сиёб бозори кўприги остида) светофор ўрнатилиб, пиёдалар йўлаги ташкил этилгани аҳолига манзур бўлди. Чунки кўприк ёнида пиёдалар учун йўлак борлиги сабабли неча йиллардан буён бу масала кўтарилса-да, ҳал этилмасди. Одамлар йўл ўртасидаги темир панжаралардан ошиб ўтар ва бу турли кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўларди.
Ўн йиллар олдин ёпиб юборилган Самарқанд темирйўл вокзалидаги ва Регистон кўчасидаги пиёдалар ер ости ўтиш йўлакларининг ҳам вилоят ҳокими эътибори билан очилаётгани ҳақида шундай фикрларни айтиш мумкин. Бу икки ер ости ўтиш йўлининг очилиши аҳоли учун жуда катта қулайлик яратиши, турли хил йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилишини айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Биргина темирйўл вокзалидаги ер ости ўтиш йўлининг очилиши йўловчиларнинг вокзал биносига кирмасдан иккинчи ва учинчи темирйўлга ўтишлари ва тўғри шаҳарга чиқишларига имконият яратади.
Шу кеча-кундузда Қорасув массивида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали тез тиббий ёрдам автомашиналари учун алоҳида йўл ташкил этилаётгани ҳам оддий масаладек туюлса-да, гап инсон саломатлиги, вақт ва масофани тежаш ҳисобига беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилишини инобатга олсак, жуда катта эзгу иш саналади. Эътибор беринг, М-37 йўлидаги Мотрид чорраҳаси ёнидан тез ёрдам автомашиналари учун 205 метрлик йўл очилса, 6 километр масофани босиб ўтишга ҳожат қолмайди. Ана – шу оддийгина чоранинг аҳамияти.
Шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига қўшимча қулайлик, имконият яратадиган бу чора-тадбирлар вилоят ҳокимлиги эътибор ва ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Муҳими, бунинг учун жуда катта маблағ, вақт талаб этилмаяпти.
Аслида, бундай ташаббуслар шаҳардан, шаҳардаги мутасадди идоралардан, зиёли ва фидойилардан чиқиши керак эмасми? Шаҳарсозлик бўйича олий таълим муассасаларимиз, лойиҳа институтларимиз-чи? Улар ҳам шиддаткор замон талаби, шаҳар аҳолиси эҳтиёжларидан келиб чиқиб, шундай ташаббуслар билан чиқиши керак эмасми?
Ер ости ўтиш йўлаклари кўздан пана жой эмас
Ер ости ўтиш йўлакларининг очилаётгани қувонарли, албатта. Энди уларга эътиборни кучайтириш билан бирга аҳолининг муносабатини ўзгартириш ва маданиятини ошириш лозим. Чунки айни пайтда фойдаланилаётган Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бўстонсарой ва Даҳбед кўчаларидаги пиёдалар ер ости ўтиш йўлакларининг ҳолатини яхши деб бўлмайди. Аввало, бу йўлакларнинг ҳамма вақт тоза-озода сақланмаётгани, ёритиш чироқлари ишламаслиги, ёмғирли кунларда айримларида чакка ўтиши ва сув тўпланиб қолиши энг катта муаммо бўлмоқда. Гўёки бу жойлар эгасиздек тасаввур уйғотади. Аслида эса ер ости йўлаклари тоза-озодалиги, хавфсиз ва қулай бўлишига мутасадди ташкилотлар бор, фақат бироз масъулиятни ҳис қилиб ишлаш талаб этилади, холос. Пиёдалар ҳам ер ости йўлакларига кўздан пана жой деб қарамасдан, ўзларининг хавфсизликлари учун яратилган қулайлик сифатида қабул қилиши зарур. Бундай йўлакларни сифатли сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш учун балки хусусий тадбиркорлик субъектларига бериш керакдир.
Умуман, Самарқанд бугун йирик сайёҳлик маркази, халқаро форум ва сиёсий машваратлар ўтказиладиган шаҳарга айланиб бормоқда. Қадимий ва ҳамиша навқирон кентда маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга қулайлик яратиш, замон талаби ва халқаро андазаларга мос хизмат кўрсатишда энг кичик масалалар ҳам эътибордан четда қолиши керак эмас. Бунга албатта, шаҳар ҳокимлиги бош бўлиши ва барча ташкилот, муассасалар, ҳатто фуқаролар ҳам ўзини бурчли деб билиши лозим.
Ғолиб ҲАСАНОВ.