Шамси Назаров ким бўлган эди?

Бугун у кишидек инсонларга эҳтиёж сезиляпти

 Аслида яхши одам учун замона ёки тизимнинг аҳамияти йўқ: У Яратганнинг амри билан дунёга келади ва мавриди келса - кетади. Масалан, ҳар қандай урушлар, қайта қуришлар, тикланишлар, ҳатто биз фаровон деб айтадиган шароитларда ҳам ўғри ўғрилигини, тўғри тўғри ишини қилган. Бунга истаганча мисол айтиш мумкин. Порахўрга ўлим жазоси белгиланган давлатларда ҳам йилига қанчалаб одам ҳаётига нуқта қўйилмоқда.

Демоқчиманки, Шамси Назаровни замона яратган эмас, у киши аслида шунақа бўлган. Ёрдам олгандир, бироқ бировга суяниб қолмаган, ўз кучига, ақлига ишонган, нимаики топган бўлса, фақат ва фақат меҳнати, интилиши орқали қўлга киритган. Фақат давр сиёсати унга эзгу ишларини рўёбга чиқаришда ёрдам берди. Умуман, ҳамма даврнинг ҳам аслида вазифаси ана шу.

Очиғини айтсам, ушбу хотирани ёзишга мени ҳеч ким ундаган эмас. Бугунги замонада Шамси бободек инсонларга эҳтиёж сезилгани учун эсладим. Шундай одамлар кўп бўлганида, эҳтимол, ҳаётимиз бошқача бўлармиди…

Яхшилик сари йўл

 Отасидан ибрат олмаган бола ҳеч қачон яхши бўлмайди, илмга ҳам интилмайди. Шамси бобо болалигида маърифатпарвар ота-онасидан энг аввало, керакли тарбияни олган. Ўтган аср бошларида, айниқса, чоризм империяси юзага келтирган талотўпда, Октябрь тўнтаришидан кейинги нотинчликларда ҳамма тинчи-ю қорнини ўйлаб қолган. Аммо ана шундай пайтда Назар ака ўз ўғлини мактабга тайёрлай олди. Икки ўғли урушга кетиб, қайтиб келмади. Бунинг устига интилувчан Шамсининг аввал Каттақўрғон педагогика техникуми, кейин эса Самарқанд давлат университети ўзбек филологияси факультетига сиртдан ўқишга кириши уни янги дунёга бошлади. Бу ерда Жўрабой Ҳамдамов, Раҳмонқул Орзибеков каби дўстлари даврасида ижтимоий фаоллик сари юрди. Қишлоққа борганда эса унинг асосий суҳбатдошлари Ботир Бойбўтаев, Собир Эшниёзов (тарих муаллимлари) бўлишди. Диплом олгач, ёш ўқитувчи Нарпайдаги 53-мактабда бўлим мудири, кейин эса ўн йил 3-мактабда директор ва беш йил туман халқ таълими бўлими мудири вазифаларида ишлади. Ана шу жараён Шамси Назаровни чиндан ҳам фаол зиёли сифатида шакллантирди. Бунинг устига Орзу Маҳмудов, Ҳамдам Бердиёров, Воҳид Абдуллаев, Бектош Раҳимов, Сайдулла Мирзаев каби иқтидор эгалари билан танишиши ўз иқтидорини кўпроқ намоён этишига ёрдам берди.

Илгари хўжалик раҳбарлари асосан зиёлилардан, муаллимлардан танлаб олинган. Шамси Назаров ҳам ана шундай танловлардан муваффақиятли ўтиб, партия ва маорифдаги фаолиятидан сўнг 1954 йилда жамоа хўжалигига раис этиб сайланди ва 35 йил ана шу хўжаликни бошқарди.

Шамси ака муаллимлигида фақат маърифатгина инсонни янги марраларга чорлашини, фақат ҳалолликкина инсон қадр-қимматини оширишини, фақат интилишгина инсон ҳаётини фаровон қилишини ўзлаштирди. Ва умр бўйи ана шу ақидаларга риоя этиб яшади.

Ҳалоллик

Шамси ака кўп китоб ўқиган одам эмасми, онасининг поклик ҳақидаги ривояту маталларининг исботини улуғлар китобларида чуқурроқ англаб етди. Бинобарин, даромадлари катта бўлмаса-да, амаллаб кун кўрса-да, тўғриликда эл оғзига тушган ота-онасининг йўлидан борди. Ҳалоллик эса ўз ўрнида адолатга йўл очади. 33 йил хўжаликка раислик қилган, шу масканда шаҳардаги каби шароит яратган, эл оғзига тушган инсон бир умр давлатнинг уйида яшади. Зулфия холамиз билан етти фарзандни ана шу ерда улғайтириб, мустақил ҳаётга жўнатди. Ҳаммасининг тўйларини ўша давлат берган уйда ўтказди. Бу вақтда соғин сигир бўлиши, парранда боқилиши анъана эди. Эҳ-ҳе, қанчалаб илғор бригада бошлиқларига мукофотга машина берилганида, раис бобо ўз жамғармасидан «Волга» машинаси ҳар хил қилиб олди. Шунинг учун у ўз жамоасида ҳам, тумандаги, вилоятдаги анжуманларда ҳам раҳбарлар билан ерга қарамасдан гаплаша оларди.

Шу ўринда айтмоқ жоизки, Зулфия хола гарчи ўрта маълумотли эрса-да, кўп газета, китоб ўқийдиган, фаросатли, камтарин аёл эди. Хонадонга таниқли меҳмонлар келганда уларга бинойидек хизмат қиларди. Улар 50 йил бир-бирига суянч бўлиб турмуш кечиришди.

Айтишларича, бир куни уйда меҳмонлар билан ўтирса, раиснинг уйига анча қовун-тарвуз келтиришади.

-  Тинчликми? – сўрайди раис.

-  Уйингизда меҳмон бор экан, бригадир бериб юборди.

-  Ука, қаердан олган бўлсанг, ўша ерга элтиб қўй. Меҳмонга қовунни ўзим оламан. Агар қовун егим келса, эртага бориб, пайкалдан олиб ейман.

-  Бу воқеа эртасигаёқ ҳаммага етиб борган.

Бир куни раис бувани темирйўл вокзалида учратиб қолдим. «Дам олишга кетяпман», дедилар у киши.

- Ие, раис бува, эртага пахта йиғим-терими бошланади-ю...

- Э, ука, ҳамма шароитни тайёрлаб қўйганман. Биласан, одамларимнинг масъулияти кучли, уларга халақит бермай дедим-да, - кулди Шамси ака.

Кекса ёшдагилар жуда яхши билишади, раис ҳар йили шу пайтда дам олишга кетарди, чунки у одамларга ишонарди. Ишонч эса фақат ҳалол муносабатлардагина шаклланади.

Мен Ш.Назаровнинг бир қизи билан мактабда ҳам, университетда ҳам ўқиганман. Шарофат ҳеч қачон группадошларимиздан ажралиб турмасди: кийимда ҳам, муносабатда ҳам. Шамси бобо йиғилишларга келганда бизларни тўплаб, суҳбатлашиб, бир пиёла чой берарди. Умуман, мен отахоннинг оиласини яхши биламан. Олти қизи, бир ўғлига ҳам ҳозирги раисларга ўхшаб ер-участкалар олиб, данғиллама иморатлар солмади, ҳеч қайсига мансаблар сотиб олиб бермади. Негаки, ота фарзандлар бахтини ўйлаган, фарзандлар эса ўзлари меҳнат қилиб топишга ўрганган. Қизларини кўргани борганда ҳам атайин овқат қилишга рухсат бермаган, аксинча, улардан «Уйдаги ишларга улгуряпсанми, нонни ўзинг ёпяпсанми, қайнота-қайнонанг ва турмуш ўртоғингнинг ҳурматини жойига қўяяпсанми?», деб сўраган. Бинобарин, Шамси бобо барча қизларини фақат кўнгил қўйган одамларигагина узатган.

Сал гапга чечан, шижоатли, ғайратли бўлгани учун Манзурани дўхтирликка ўқитди. Қолган ҳамма фарзандлари ота изидан бориб, муаллим бўлдилар. Чунки Шамси бобо қизларига, ёлғиз ўғлига ана шу маърифатни раво кўрди. Бир группада таҳсил олганимиз учун Шарофатнинг турмуш ўртоғи Акрам Қурбонов қайнотаси ҳақида доим фахр билан гапирган. Уларнинг суҳбати ҳам ҳалоллик, болалар тарбияси, эл ўртасида қадр топиш ҳақида бўлган. Ваҳоланки, кимсан, республика ва вилоятнинг биринчи раҳбарлари билан жуда яқин муносабатда бўлган киши қизларини ҳам, куёвларини ҳам «ёғлироқ» жойга қўйиши қийин эмас эди. Бугун дарсга қатнаб-қатнамаган, бирор касбни мукаммал эгалламаган, отаси олиб берган машинада юрган фарзандларига мансаб сотиб олаётган ота-оналарни кўрсам, Шамси ака ҳақи-ҳурмати, асабим қақшайди, юрагим оғрийди. Чунки улар ҳалоллик деган тушунчани ҳазм қила олишмайди.

- Ишлаб, озроқ маблағ йиғиб, бир куни қайнотам олдига бордик, - дейди Акрам ака. - «Жигули»га пул тўплаганимиз, сал яхшироғига озроқ етмаётганини айтдим. Қайнотам «Болам, ишлаб машинага пул орттирибсизлар, бунинг учун раҳмат. Пулинг етганини олиб, минаверинглар. Машина одам қадрини оширмайди», деди. Ўғлимнинг тўйида ҳам шундай воқеа бўлди. Таниқли бир санъаткорни олиб келишини сўрадим. У киши эса «Мен бу хонандани хўжалик аъзоларимга келтиришим мумкин, аммо неварамнинг тўйига эмас», деб жавоб берди.

Ш.Назаров тўғри ишлаган ходимларини рағбатлантирди, ёрдам кўрсатди. Фақат уларга эмас, хўжалик ҳудудидаги деярли барча ногиронларни қўллаб-қувватлади, айниқса, талабаларга ёрдам берди. Меҳнат фахрийси, бир пайтлар туман ва вилоят пиллачилик идораси бошлиғи, Нарпай тумани ҳокими бўлиб ишлаган Салоҳиддин ҳожи Бобомуродовнинг айтишига қараганда, Шамси бобо 35 йил давомида идора ишларига қариндошларини мутлақо яқинлаштирмаган. Кадрларни ишчанлиги, тўғрисўзлиги, ҳалоллигига қараб танлаган. Бу фазилатни ҳозирда ҳам қишлоқнинг катта-кичиклари ҳурмат билан эслашади. Ҳожи аканинг айтишига қараганда, Шамси бобо қурувчи Махсум Муқимов, ўқитувчилар Хушназар Қурбонов, Шовқиддин Шукуров, савдо ходими Тоир Эргашев каби ўнлаб иқтидорли, меҳнаткаш кадрларни қўллаб-қувватлаган, ўз навбатида улар туман, ҳатто вилоят миқёсида салоҳиятга эришганлар.

Шамси бобонинг фазилатлари ҳақида ёлғон гапиролмайман, чунки бу фазилатлардан баҳраманд бўлганларнинг айримлари ҳаёт, қолаверса, ўтганларининг ҳам бола-чақалари яхши билишади.

…Бу инсоннинг ҳаёти, турмуш тарзи табиий эди. Сунъий ҳаракатларни ёқтирмасди, ўзини меҳнатдан бошқа нарсага мажбурламаган. Ҳаммага ҳамма вақт бир хил муомалада бўлган. Ҳатто дакки берганида ҳам кўнгилдаги гапни айтган. Ҳозирги айрим раҳбарларга ўхшаб бировнинг нафсониятига тегадиган сўзларни ишлатмаган.

- Отам бизларни хизмат машинасига деярли миндирмасди, - дейди катта қизи Шарофат. - «Пиёда бориб кел, соғлом бўласан», деб қўярди. Дарвоқе, хизмат машинасининг ичида доим газета-журнал ва китоблар қалашиб ётарди. Отам йўл-йўлакай ҳам вақтни беҳуда кетказмаслик учун уларни мутолаа қилган. Шофёри Шавкат ака отам газетадаги қизиқ мақола ёки китобдаги ҳаяжонли ҳолатларни ўқиш жараёнида борадиган жойини ҳам баъзан нотўғри айтиб юборган.

Шарофатнинг фикрига қўшиламан. Шамси бобо ўзи муаллим бўлгани учун ижод аҳли билан ниҳоятда яхши муносабатда эди. Эсимда, Самарқанддаги таниқли адабиётшунос олимлар Воҳид Абдуллаев, Сайдулла Мирзаев, Нуриддин Шукуров, шоир Душан Файзий марказдан таниқли адиблар келса, албатта, Шамси аканинг хўжалигига бошлаб келишарди. Бу ерда жуда кўплаб ижодий учрашувлар бўлар эди. Ёзувчи Одил Ёқубов Шамси ака хонадонида 2-3 кунлаб меҳмон бўларди. Лекин нима учундир Шамси ака ўзи, ишлари ҳақида кўп ёзишларини истамас эди. Мухбирларга гоҳ сут соғувчи, гоҳ бригада бошлиғи, гоҳ бошқа бир касб эгаларини дуч қиларди.

Хумор шаҳарчаси қандай пайдо бўлган эди?

Хумор - бу Ш.Назаров 35 йил бошқарган хўжалик марказидаги қишлоқ. У шу давр ичида шаҳарчага айланди. Шамси бобо Хуморнинг лойиҳаларини нафақат Тошкент, ҳатто ўша вақтда марказ ҳисобланган Москвадаги мутахассисларга ҳам кўрсатиб келганларини биламан. Чунки бу инсон одамларнинг далада меҳнат қилишидан ташқари замонавий яшашини ҳам истарди, қаерда, нимаики ибратли нарса кўрса, уни ўз хўжалигида қўллашга интиларди.

Ана шу ташаббуслардан бири пахта ҳосилини машиналарда териб олиш эди. Бу масала қисқа фурсатда эътироф этилди, тажрибаси оммалаштирилди. Ҳатто хўжалик марказида шу атрофдаги далада илк бор пахта терган тракторга бетон мослама ўрнатиб, ёдгорлик қўйди. Ш.Назаров пахта теримига техника жалб этишни ўтган асрнинг 60-йилларида бошлаган ва мактаб ўқувчилари фақат подбор теришга жалб этилган, холос.

Замонавий қишлоқ уйлари қуришда ҳам раис бобо атрофдаги ҳамкасбларидан қолмасликка интилди. Дастлаб қўшқаватли, барча шароитлар яратилган 6 сотихли уйлар қад кўтарди. Уларни илғор деҳқонлар, тракторчи, чорвадорларга беришди. Кўп ўтмай, Хуморда тўғри, равон йўллар, кўчалар пайдо бўлди. Ҳатто кўчаларга тунги ёритиш лампалари ўрнатилди.

Бу инсон ярим йўлда тўхтаб қоладиганлардан эмас. Икки йил ичида хўжалик марказида замонавий мактаб ва ихчам шифохона қад кўтарди. Бир куни суҳбат чоғида раисдан «Бунча маблағни қаердан оляпсиз, ҳаммаси хўжалик даромади ҳисобидан қуриляпти?», деб сўрадим.

- Ишни яҳудийча қиляпман, ука!

Менинг ҳайрон бўлганимни кўриб, иборасига изоҳ берди.

- Масалан, мактабни давлатнинг қонуний лойиҳаси асосида хўжаликнинг қурувчилари қурди. (Дарвоқе, ўша пайтларда шу қишлоқдан етишиб чиққан М.Муқимов анча танилиб қолган эди). Уни райОНО деган ташкилотга сотдик. Улар ҳам хурсанд, биз ҳам хурсанд. Чунки кетган харажатимизни қайтариб беришди. Мактаб қишлоққа фойдага қолди, уни ким ҳам кўтариб кетарди.

Ш.Назаров ўша давр талабига жавоб берадиган футбол стадиони, болалар боғчаси, маданият саройи, санаторий ва бошқа объектларни ҳам ана шу тарзда барпо этишга улгурди. Кўп ўтмай, хўжаликнинг Нарпай канали устки қисмида жойлашган Қораминос қишлоғида ҳам қурилишлар бошланиб кетди. Бу ердаги касб-ҳунар мактаби турли мутахассисларни тайёрлай бошлади ва талабалар амалий машғулот сифатида замонавий уйлар қуришди.

Айтгандай, раис бунёдкорлик билан бўлиб, қишлоқ хўжалигини ҳам унутган эмас. Хўжаликда рентабеллик даражаси йилдан йилга оша борди. Қорамолчилик, товуқчилик фермалари довруғи ошди. Буларнинг ҳаммаси Шамси акага ва унинг хўжалигига даромаддан ташқари катта обрў ҳам келтирди.

Салоҳиятнинг қудрати

Дарҳақиқат, Ш.Назаров ўтган асрнинг охирги чорагида чинакам шахс сифатида танилди. Эҳ-ҳе, олган мукофотлари, орден ва медалларнинг сон-саноғи йўқ. Бунинг устига икки марта Олий кенгаш депутати бўлди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими ва Халқ таълими ходими унвонини олди. 1981 йилда эса Социалистик Меҳнат Қаҳрамони деган юксак мукофот эгаси бўлди. Аммо табиатида, ишлашида ўзгариш сезилган эмас, жўшқин фаолиятини камтарлик билан давом эттираверди.

Шамси ака қаҳрамонлик унвони олгач, тележурналистларнинг ташрифидан кейин бемалол суҳбатлашгани бордим. У киши ҳар галгидек ўзини мақташга изн бермайди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, нуқул газета-журналлар ҳақида гапиради. Шунда мен:

- Қаҳрамонлик нишонини тақиб юрсангиз бўлмайдими? - дедим. Чунки кийиб турган костюмида олий маълумотни ифодаловчи, яъни СамДУдан берилган ромбли нишон турарди.

- Ука, - деди салмоқ билан раис бобо. - Бу нишон хосиятли. У илмингни, заковатингни кўрсатиб туради, ўзига муносибликни талаб қилади. Орден-медални битта хизматингга олишинг мумкин, аммо бу нишон агар яхши ўқиган бўлсанг, сенга бир умр хизмат қилади.

Шу ўринда «Саодат» журналининг қайсидир бир сонида мухбирнинг Шароф Рашидов турмуш ўртоғи билан суҳбатини эсладим. Унда янгадан «Шароф ака уйида бўлган чоғида, мабодо вақти топилганда, нима ишлар билан шуғулланарди?», деган саволига янгамиз «У киши газета, китоб ўқиб, баъзан ёзар ва самарқандлик таниқли деҳқонлар Жониқул Юсупов ва Шамси Назаров билан телефон орқали узоқ ва мириқиб суҳбатлашарди», деб жавоб берган. Ўша пайтдаги давлат раҳбарининг хўжалик раиси билан мириқиб гаплашишида қандай маъно борлигини тасаввур қилаверинг. Дарвоқе, Ш.Рашидов Пахтачига келса, Шамси бобо билан албатта, чой ичиб кетарди.

1990 йилда И. Каримов республика Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби бўлиб сайлангандан кейин кузнинг охирида Самарқандга ташриф буюрди. Шунда у кишига ҳамроҳ бўлиб, Пахтачи туманига бордик. Туман раҳбари Абдуҳаким Қаландаров ва Шамси ака билан Ислом Абдуғаниевич самимий суҳбатлашди. Аввалига раис бобонинг барча хизматларини эътироф этди ва сўнг «Раис бобо, насиб этса, ҳали биз ҳар битта хўжалик марказида Хумордаги каби, қолаверса, ундан ҳам чиройли қилиб шаҳарчалар барпо этамиз», деди. Аммо Ш.Назаров ҳам кўнгилдаги гапларини давлат раҳбарига айтиб олди.

- Мен ҳар бир хўжаликда даромадли экинлар экилиши тарафдориман, хом ашёмизнинг ҳаммасини ўзимизда қайта ишлашимиз, техникани кўпайтиришимиз керак. Ана ўшанда янги уйлар одамларимизга ярашади. Шаҳарчада ҳам замонавий хизмат турларининг барчасини яратишимиз зарур…

- Бўлади, раис бобо, айтганларингизнинг ҳаммаси бўлади, насиб этса. Мен хам ана шу ниятдаман, - деди И. Каримов.

Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида таниқли шифокор Яхшинор ака Аллаёров қуйидагиларни гапириб берди:

- Институтни битириб, қисқа муддат туман марказий шифохонасида ишлаш жараёнида донгдор раис Ш.Назаров билан яқиндан танишдим. Халқнинг ғамини еган раҳбар, уларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида шаҳарча марказида «Бахт уйи» маросимларни ўтказиш мажмуасини қуриб, ишга тушириб, жамоа аҳолиси тўй-маросимларини ўтказиш учун барча шароитларни яратиб берган. Қишлоқдошларимиз тахталардан стол ва скамейкалар ясаб, бир неча кун вақт сарфлар, идиш-товоқлар учун прокатма-прокат сарсон бўлишига тўғри келар эди. Раис бобонинг марҳаматидан нафақат жамоа хўжалиги, балки қўшни қишлоқлар аҳолиси ҳам баҳраманд бўлиб, ҳақига дуолар қилишарди.

1990 йиллардаги бир воқеа ёдимга тушиб қолди. Ёзнинг жазирама иссиқ кунларининг бирида, соат 12 ларда Шамси ака менинг ишхонамга кириб келди ва қишлоқдош, синфдош дўстим, вилоят сув хўжалик бошқармасининг бошлиғи Бахтиёр Остоновни топиб беришимни сўради. «Остоновга нима ишингиз бор?», деб сўраганимда хўжаликда қурилиш ишлари жадал кетяпти, сув ичида ишлатса ҳам бўладиган «Портланд» юқори маркали цемент фақат “облводхоз”да бўлар экан, Бахтиёр шу цементдан менга топиб бериши керак”, деб ўктам гапирди. Мен телефон қилиб, Б.Остонов билан гаплаштирдим. Шунчалик тинчиб-тинчимас одам эди.

Пахтачи тумани марказий шифохонаси учун замонавий янги касалхона қурилиши, дастлаб унинг лойиҳа сметасини тайёрлаш, қурилиш ишларини ниҳоясига етказишни туман жамоа хўжаликлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириш ишларининг ташаббускори бўлганлигидан, кейинчалик қурилиш битгандан сўнг Соғлиқни сақлаш вазирлиги пулини тўлаб берганлигидан хабардорман.

1996 йилда Ш.Назаровнинг 75 ёшлик юбилейида қатнашган эдим. Тадбирга Самарқанд вилояти партия қўмитасининг собиқ биринчи котиби Назир Ражабов ўзининг табрик сўзида Шамси Назаровнинг барча хислатларини санаб ўтиб, «Шамси Назаров тириклигида ўзига ҳайкал қўйди. Эй, коммунизмликлар! Сизлар қўрқмасдан колхознинг номини Шамси Назаров деб ўзгартирингизлар», деб хитоб қилган эди. Бу хитобда рамзий маъно бор эди. Чунки Ш.Назаров элим деб, юртим деб ёниб яшаган инсон эди. Абу Али Ибн Сино таъбири билан айтганда, «Ўзгалар йўлини ёритиб, ўзим ёниб, тамом бўламан», деган шамга ўхшар эди.

Ш.Назаров 1994 йил 10 декабрда 73 ёшида вафот этди. Агар ҳаёт бўлганларида у киши 102 ёшга кирардилар. Лекин бу фидойи инсонни билганлар, хусусан, мен ҳам Шамси бобони доимо кўнглимда, ёнимда ҳис қиламан. Негаки, ҳалоллиги, поклиги, меҳнаткашлиги, заковати билан кўпга ибрат бўлиш, халқнинг кўнглида қолиш абадиятга дахлдор ҳолатдир.

 Фармон Тошев.