Шеър ёдлаш хотирани кучайтиради
Ургут туманидаги 78-умумий ўрта таълим мактаибда “Она тили ва адабиёт фанлари ойлиги” доирасида ўтказилган тадбирлар ўқувчиларни китобга, адабиётга қизиқишининг ортишига сабаб бўлди.
Февраль ойининг илк кунлариданоқ ҳазрат Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун муносабати билан ғазалхонлик кечалари ташкил этилган бўлса, кейинчалик бу тадбирлар Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг 80 йиллигига бағишланган мушоираларга уланиб кетди.
Яқинда эса ойлик доирасида шу мактабнинг собиқ ўқувчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исомиддин Пўлатовнинг “Сукунатдан сўнг” шеърий тўпламининг тақдимот маросими ўтказилди.
- Шу мактабда она тили ва адабиётдан дарс бериб пенсияга чиққанман, - дейди Раъно Аҳмедова. – Аммо мактабда қандай тадбир бўлса келиб тураман. Ўтказилаётган тадбирлар сабаб мактабимиз ўқувчилари кўплаб шеърлар ёд оляпти, китобга меҳри ошяпти. Бу уларнинг хотирасини кучайтиришга хизмат қилади. Шогирдим Исомиддин ҳам ўқувчилик даврида кўп бадиий китоб ўқиган, шеърлар ёд олган, У қатори синфдошлари ҳам. Шунинг учун бўлса керак, уларнинг аксарияти олий маълумотли бўлди. Ўша собиқ синфдошларнинг 6 нафари шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаяпти. Қанийди, адабиёт кечалари тез-тез ўтказилса?!
Тадбирда кўп шеър ёд олган ўқувчиларга китоблар совға қилинди.
Найим Маҳматқулов.