ШҲТ ҳамкорликда ишловчи платформага айланмоқда
Ҳозирги кунда дунёда вазият мураккаблашиб бормоқда. Катта давлатлар ўртасида келишмовчилик ва сиёсий можаролар юзага келмоқда. Бу жаҳон халқлари ҳаёти ва давлатлар иқтисодий тараққиётига салбий таъсир қиляпти. Мана шундай ҳолатда ўзаро мулоқотга асосланган ҳамкорликда ишловчи платформага эҳтиёж сезиляпти.
Бугунги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ана шундай платформага айланиб бормоқда. Ўйлаймизки, бу галги саммит доирасида қабул қилинадиган қарорлар ҳам нафақат шу ҳудудда, балки дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Айтиш керакки, ташкилот ташкил этилганда масалаларни келишув ва мулоқот шаклида кун тартибига олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилганлиги сабабли “Шанхай руҳи” тушунчаси пайдо бўлган эди. Бугун дунё сиёсатида “Самарқанд руҳи” тушунчаси кириб келди. Самарқанддаги саммит ҳам тинчликни таъминлашга, ташкилотга аъзо давлатларнинг ривожланишига хизмат қиладиган тадбир бўлаётгани билан аҳамияти ошиб бормоқда. Инқироз ва тангликлар кучайиши шароитида бу ерда қабул қилинадиган қарорлар ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар дунёда вазиятни ўзгартиришга туртки бериши шубҳусиз.
Ўзбекистон раислигида ўтказиладиган саммитда Эрон Ислом Республикасининг ташкилотга тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиниши ҳам тарихий аҳамиятга эга. Бинобарин, Эрон яқин шарқ мамлакатлари орасида Осиёда тез тараққий этаётган мамлакат ҳисобланади. Эроннинг иқтисодий салоҳияти илмий ва технологик жиҳатдан жадал ривожланиб бормоқда. Яна бир эътиборли томни, Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиб кириши Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларини океанга, яъни дунё бозорига яқинлаштиради. Бу ҳамкорлик савдо-сотиқ ривожланишига, экспорт салоҳияти ошиши ва географияси кенгайишига, умуман, барча йўналишлар истиқболига ижобий таъсир қилади.
Сайфиддин ЖЎРАЕВ,
сиёсатшунослик фанлари доктори, профессор.