Шкафда яширинган ота – жамият оғриғи

Zarnews.uzнинг Телеграм каналида алимент тўламай номаълум жойда юрган отанинг топилганлиги ҳақидаги хабарни ўқиб, юрагим оғриди. Мажбурий ижро бюроси ходимлари фарзандининг моддий таъминоти учун тўловларни амалга оширмай келаётган, натижада қарзи 60 миллион сўмга етган ва анчадан бери яшириниб юрган отани яшаш хонасининг шкафи ичида топишибди.

Кимгадир бу кулгилидир, аммо мени чуқур ўйга солди. Ушбу воқеа нафақат ота-она муаммоси, балки бутун жамият учун оғриқли. Албатта, ажримлар сабаб ҳаётимизда ана шундай ачинарли ҳолатлар рўй беряпти. Ота эркак кишига хос бўлмаган ишни қилган, аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор.

Она, яъни аёлнинг ҳам айби бўлиши мумкин. Улар нега ажрашгани номаълум, аммо бугунги кунда ажримлар сонининг ортишига сабаб бўлаётган омиллар кўп. Масалан, иқтисодий қийинчиликлар, миграция сабаб эр ва хотин бир-биридан узоқда яшаши, ахлоқий етишмовчилик, ижтимоий тармоқлар орқали келаётган "эркинлик" тушунчасининг нотўғри талқини ва энг асосийси – бир-бирини тингламаслик, тушунмаслик. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин...

Ажримлар сони ортиши билан ҳар йили минглаб болалар ё отасиз, ё онасиз муҳитда ўсмоқда. Болаликда етишмаган меҳр, катта бўлганида нафақат ғурурсизликка, балки жамиятга нисбатан нафратга айланиб бориши мумкин. Ота-онасидан уялиб юрадиган, яъни “менинг отам шкафдан топилган” деган гап шунчаки эмас – бу бир инсоннинг бутун ҳаётига салбий таъсир қилувчи жараён.

Бугун ажрашаётган ҳар бир оила аввало фарзанди ҳақида ўйлаши керак. Чунки қарзлар ёпилади, кунлар ўтади, одамлар кечиради... Аммо боланинг хотирасидаги оғриқ – умрбод қолиши мумкин.

Бу воқеа бизга оддий бир нарсани эслатади: масъулиятдан қочиб бўлмайди. Ота-оналик – бу фақат болани дунёга келтириш эмас, балки унга тарбия, меҳр-муҳаббат бериш ва керак бўлса ўз хоҳиши, ғурури, манфаатларини бир четга суришдир. Эркаклар учун боласини таъминлаш — шараф, она учун эса уни муҳофаза қилиш — фарз. Фарзанд учун эса ота-она — бутун дунё.

Ҳар бир бола – бу жамиятнинг келажаги, унинг нури ва умиди. Биз фарзандларимизга муносиб ота-она бўлиш учун фақат моддий томондан эмас, балки маънавий ва руҳий жиҳатдан ҳам масъулиятни англаб етишимиз керак. Ажримлар ва турмушдаги муаммолар фақат икки кишининг масаласи эмас, бу – бутун жамиятнинг синовидир. Шу сабабли, ҳар биримиз оила қадриятларини асраб-авайлаш, болаларнинг соғлом ва бахтли ўсиши учун бирга ҳаракат қилишимиз зарур. Чунки ҳақиқий куч – бу бирдамликда ва муҳаббатда. Агар жамиятимиз ҳар бир фарзанд учун муҳит ярата олса, улар эса ўз отаси ва онаси билан ғурурланадиган авлод бўлиб ўсади.

Умида КАРИМОВА,

СамДЧТИ катта ўқитувчиси.