Шогирди ютуғидан фахрланган устоздан хат

Пайариқ туманидаги мактаб-интернатида 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида фаолият юритиб, ёшларга рус тили ва адабиёти фанидан сабоқ бердим. Ҳозирги кунда пенсиядаман, қарилик гаштини суряпман.

Бугун собиқ ўқувчим Салим Дониёровни таваллудининг 50 йиллиги муносабати билан табрикламоқчиман. Чунки Салимжон аълочи, тиришқоқ ўқувчиларимдан бўлган. Шу интилувчанлиги боис мактабни битирган йилиёқ Москва давлат педагогика университетига юқори балл билан ўқишга кирди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги академиянинг Олий бизнес мактабини тамомлади.

2001 — 2017 йилларда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририятида турли масъул лавозимларда фаолият олиб борди.

Бугун эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муассислигидаги “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталарининг бирлашган таҳририятига бош муҳаррирлик қилиб келмоқда.

Филология фанлари номзоди, таниқли журналист бўлган суюкли шогирдим Салимжоннинг ишларига омад, ижодига барака тилайман. Шундай шогирдларим билан фахрланаман!

Фокиза АБАЕВА,

меҳнат фахрийси.