Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Шоҳида Аҳмедова: Мақсадим олимпиада ва жаҳон чемпиони бўлиш

Шоҳида Аҳмедова 2001 йилда Оқдарё туманида туғилган. 2014 йилдан буён спортнинг эркин кураш тури билан шуғулланиб келади. Фаолияти давомида Ўзбекистон чемпиони, Осиё ва халқаро турнирлар совриндори бўлган.
- 2002 йилдан бошлаб эркин кураш билан шуғулланаман, - дейди Шоҳиданинг устози Саломат Кўчимова. – Бир неча марта Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионати совриндори, халқаро олимпиадалар иштирокчиси бўлганман. Фаолиятим давомида ўрганганларимни 8 йилдан буён Шоҳидага ва бошқа шогирдларимга ўргатиб келяпман. Ҳар бир спортчи машғулотда кўп куч йўқотади. Чунки меҳнатсиз ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Машғулот жараёнида энг кўп меҳнат қилган спортчи мусобақада албатта, ютади. Шогирдларимга буни кўп уқтираман. Шоҳида ёш бўлишига қарамай, меҳнаткаш ва интилувчан, ўз устида ишлашни ёқтиради ва машғулотларда кам хато қилади. У доим олимпиада ва жаҳон чемпиони бўлмагунимча шуғулланаман, мақсадим йўлида ҳеч нарса тўсиқ бўлолмайди, дейди.
Шоҳида Аҳмедова ҳозир мусобақаларга тайёргарлик кўряпти. У 10-17 сентябрь кунлари Сербияда ўтказиладиган турнирда қатнашади.
- 2015 йилда тренерим Саломат Кўчимова қўл остида илк марта Ўзбекистон чемпиони бўлганман, - дейди Шоҳида. – Шундан сўнг терма жамоага қабул қилиндим ва Адҳам Очилов мураббийлигида ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида, Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрида ўтказилган III ёзги ўсмирлар олимпия ўйинларида кумуш ҳамда ўтган йил Токио олимпиадасида бронза медални қўлга киритдим. Яқинда Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам кумуш медаль насиб этди. Тўғриси, бу натижаларим мен учун мақташга арзимайди. Мақсадим – олимпиада ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш. Бунинг учун астойдил ҳаракат қиляпман. Яқинда машғулотлар тугайди ва Сербияда ўтказиладиган мусобақада иштирок этаман. Кейин Париж-2024 олимпиадасида чемпионликни қўлга киритишни мақсад қилганман.

Фазлиддин Рўзибоев.