Шу ҳафтада коронавирусга чалинганларнинг 5 нафари Каттақўрғон туманидан
Маълумки, соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими томонидан аҳолининг Сovid-19 билан касалланган ва аксинча, тузалганлар ҳақида хабардор қилиш мақсадида вазирликнинг расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги каналлари орқали мунтазам маълумотлар бериб борилмоқда.
Бу эса аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни олиб бориш ҳамда тиббий маданиятни оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Ана шундай маълумотларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 24 июнь санасида Республикамиз бўйлаб коронавирусдан касалланган ва соғайган фуқаролар ҳудудлар кесимида ёритилди.
Жадвал кўринишидаги мазкур маълумотда Самарқанд вилоятида коронавирус билан касалланган фуқаролар сони 414 нафардан 428 нафарга ошганлиги маълум қилинди. Хабарда келтирилган маълумотга қўшимча қилиб айтиш жоизки, кейинги ҳафта (18-22 июнь кунлари) мобайнида вилоятимизда 14 та ҳолатда касалланиш аниқланди. Ҳудудлар кесимида айтадиган бўлсак, коронавирусга чалинганларнинг 5 нафари Каттақўрғон тумани, Самарқанд, Тойлоқ, Нарпай туманларидан эса 2 нафардан ҳамда 3 нафар фуқаро Самарқанд шаҳридандир.
Ачинарлиси, олиб борилаётган профилактик тадбирлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ташкил этилган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамай, ҳанузгача аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясини юқтираётган фуқаролар аниқланмоқда. Бу эса олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларидан тўғри хулоса чиқармаганимизни кўрсатмоқда. Ижтимоий масофани сақлаш, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, қўлни кўкракка қўйиб саломлашиш, уйдан кўчага чиққач доимий равишда тиббий ниқоб тақиш каби оддий қоидаларга қатъий амал қилишимиз кераклигини англатади. Акс ҳолда, карантин қоидаларига риоя этмаслик жуда жиддий оқибатларга сабаб бўлиши муминлигини унутмайлик.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.