Сифатли тиббиёт мунтазам ўрганиш деганидир

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалида Самарқанд давлат тиббиёт университети  ҳамкорлигида “Тиббиёт ва таълим” III халқаро конференция иш бошлади. Анжуманда Туркия, Озарбайжон,  Хитой, Украина, Россия сингари давлатлардан 60 дан зиёд жарроҳлар ўз маърузалари билан иштирок этди.

-Кейинги йиларда сифатли медицина замонавий технологияларга бевосита боғлиқ бўлмоқда, - дейди тиббиёт фанлари доктори, Озарбайжон эндоскопик ва лапароскопик хирурглар ассоциацияси раҳбари Мушфиқ Ҳасанов. – Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Дейлик, хирургия соҳасида йилдан-йилга каминвазивли операция усулига ўтиш тобора самаралироқ бўлмоқда. Бу айниқса, бемор саломатлигини тез тиклаш ва маблағини тежаш учун муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, янгидан-янги ташхис аппаратларининг тақдим этилаётгани, сунъий интеллектнинг тиббиётга кириб келаётгани шифокорларнинг доимий равишда ўрганиб, тажриба алмашишларига эҳтиёж пайдо қилади. Шу нуқтаи назардан бу каби конференциялар шифокорларнинг янгидан-янги билим олишлари учун муҳим платформа вазифасини ўтайди.

Туркиялик ҳамкасбларимиз ташаббуси билан ўтказилаётган бу анжуман йилдан-йилга ўз доираси ва иштирокчи давлатлар сонини ҳам кенгайтирмоқда. Аҳамиятлиси, анжуман иштирокчилари бўлган давлатлар учун International medical номли журнал ҳам таъсис этилиб, унда ушбу конференцияда тингланган маърузалар чоп этилиши белгиланган.

Конференция ишида ўз соҳасининг етакчи олимлари, машҳур жарроҳ-шифокорлар маҳорат дарсларини ўтишди. Иштирокчилар онкология, гинекология, гастроэнтерология соҳаларида маърузалар тинглашди, фикр алмашишди.

-Самарқандда ўтказилаётган конференциянинг аҳамияти жуда катта, - дейди Туркиянинг Мармар университети профессори Назан Аталан. – Кўплаб мамлакатлардан машҳур шифокорлар тўпланган, уларнинг маърузаларини эшитиш, улар билан ҳамсуҳбат бўлиш орқали билим ва тажрибамизни оширамиз. Бугунги глобаллашаётган дунёда тиббиёт соҳаси ҳам доимий ҳамкорликка ва тажриба алмашинув, янги билимлар ўзлаштиришни тақозо этади.

Конференция давомида марказда туркиялик жарроҳлар томонидан бир неча мураккаб операциялар амалга оширилиб, маҳорат дарслари сифатида намойиш этилди.