Сифатсиз телевизор янгисига алмаштириб берилди

Кундалик ҳаётда ҳар биримиз истеъмолчимиз. Гоҳида ҳуқуқларимиз бузилиб, кимга мурожаат қилишни билмаймиз, бироқ тегишли давлат органида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мисол учун, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармасига Самарқанд шаҳар, Шоҳобод кўчаси, 10-уйда истиқомат қилувчи фуқаро A.Ҳайдаровнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига “Ишонч телефони” орқали қилган мурожаати келиб тушган.

Мурожаатда фуқаро Самарқанд шаҳрида жойлашган “Texnositi” МЧЖ фаолиятидан норозилигини билдириб, МЧЖдан телевизор сотиб олганлигини ва у сифатсиз чиққанлигини маълум қилиб, телевизорни янгисига алмаштириб беришда амалий ёрдам сўраган.
“Texnositi” МЧЖ раҳбари билан суҳбат ўтказилиб, мулоқот жараёнида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва сотувчиларнинг мажбуриятлари тўғрисида тегишли тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг жамият томонидан бугунги кунда сифатида нуқсон юзага келган телевизор қайтариб олинди ва истеъмолчига янги, сифатли телевизор берилди.