Сим-карта расмийлаштиришдаги хатолик жиноятга йўл очади
Самарқанд шаҳрида мобил алоқа операторлари учун тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, хавфсизликни таъминлаш, янги тартиб-қоидалар тарғиботига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, давлат алоқа назорати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ҳамда мобил алоқа тизимида фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирок этган тадбирда сўнгги пайтларда ахборот технологиялари ва интернет тармоғидан фойдаланувчилар сафи кенгайиб бораётгани, аммо бу борада яратиб берилаётган имкониятлардан нотўғри мақсадда фойдаланаётганлар ҳам учраб туриши таъкидланди.
- Биргина "GSM-шлюз" замонавий мобил алоқа воситасидан турли хил мақсадларда фойдаланиш мумкин, - дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Н.Эшназаров. - Мазкур қурилма орқали айрим уддабурон "тадбиркорлар" томонидан ноқонуний халқаро сўзлашувлар ташкиллаштирилгани натижасида "Ўзтелеком" компаниясининг даромадлари йилига ўртача 20 миллион АҚШ долларига камайганини кузатиш мумкин. Асосийси, бу каби алоқалардан диний экстремизм, терроризм ва бошқа хавфли гуруҳ вакилларининг фойдаланиш ҳолатлари мавжудлиги хатарлидир.
Яқинда вилоятимиздаги мавжуд мобил алоқа операторлари фаолияти махсус ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда сим-карталарни фуқаролар номига расмийлаштиришдаги 150 та турли хил камчиликлар аниқланган. Уларга нисбатан зарур чоралар кўрилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган.
Айрим тадбиркорларнинг эътиборсизлиги, ўз ишига масъулиятсизлиги боис йўл қўйилган хатолар турли хил жиноятларнинг содир бўлишига, қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган тезкор қидирув тадбирларида бир қатор муаммолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, давра суҳбатида иштирокчиларга соҳадаги янгиликлар ҳақида тушунча берилди. Самарқандга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳларга махсус шартнома асосида сим-карта расмийлаштириш тартиблари тушунтирилди.
Тўлқин СИДДИҚОВ.