Синоптиклар Ўзбекистонда куз қандай бошланишини айтди
"Ўзгидромет" Ўзбекистонда куз қандай бошланиши ҳақида маълум қилди.
Август ойининг охирига келиб Ўзбекистонда ёз фасли учун умуман хос бўлмаган жараёнлар кузатилди.
26 августда республика бўйича ҳарорат кескин пасайиб, момақалдироқли ёмғирлар ёғиб ўтди. Об-ҳавонинг бундай ўзгариши айниқса Ўзбекистоннинг марказий туманларида авж олди. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ёғингарчилик кучли ва давомли бўлди. Тошкентда шу куни 1 мм. ойлик нормада ёққан ёғинлар миқдори 17 мм.ни ташкил қилди.
Бу жуда камдан-кам кузатиладиган ҳодиса бўлса ҳам, бироқ метеорологик кузатувлар тарихида ягона эмас. 1954 йилда Тошкентда июлда 41 мм., 1969 йил июлида эса 39 мм. ёмғир ёққан.
Сентябрь - кузнинг биринчи ойи. Ўзбекистонда сентябрда, айниқса, унинг биринчи ярмида одатда об-ҳаво иссиқ ва кам булутли бўлади. Қисқа муддатли ёмғирлар фақат айрим кунларда кўпроқ тоғли ва тоғолди ҳудудларда кузатилиши мумкин. Тунги ҳарорат 15-20 даража атрофида бўлади, кундузи 32-37 даражадан 25-30 даража иссиққача ўзгариб туради.
Бугун ва эртага Ўзбекистонда ёғингарчилик кутилмайди.
31 августда Волгабўйи ҳудудидан нисбатан нам ва салқин ҳаво оқими кириши натижасида об-ҳаво ўзгаради. Республика бўйича булутлиликнинг ортиши, об-ҳавонинг ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда. Фақат Тошкент вилоятининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат 1-2 даражага пасаяди ва 28-33 даража атрофида бўлади, бу меъёрдан сал паст ҳароратдир.
Сентябрнинг илк кунлари об-ҳаво асосан ёғингарчиликсиз бўлади. Ҳарорат кечаси 15-20, кундузи 30-35 даража атрофида бўлади.
Республиканинг тоғли ва тоғолди туманларида 30-31 август ва 1-2 сентябрь кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.