SIUT талабалари «Yangi Samarqand» тадбиркорлик web-порталини яратмоқда

Самарқанд халқаро технология университети (SIUT)да «Ишбилармонларнинг «Yangi Samarqand» - ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашувчи жамоат фонди» учун махсус on-line платформа яратиш бўйича танлов якунланди.

Унда университетнинг «School of Computing» йўналиши талабалари ўзаро беллашди. Экспертлар гуруҳи тақдим этилган лойиҳаларни нафақат ташқи кўриниш (UX/UI-дизайн), балки тизимнинг функционаллиги ва техник имкониятларига қараб баҳолади.

Лойиҳанинг асосий мақсади — вилоят тадбиркорлик муҳитининг рақамли брендини яратишдан иборат. Портал уч тилда (ўзбек, рус, инглиз) фаолият юритиб, қуйидаги муҳим бўлимларни ўз ичига олади:

- корхоналарнинг интерфаол маълумотлар базаси;

- «Made in Samarkand» электрон каталоги;

- саноат ва ижтимоий лойиҳалар реестри;

- Start-up лойиҳалар ва инвесторлар учун махсус блоклар.

Танлов натижаларига кўра, «School of Computing»нинг 3-босқич талабалари ғолиб деб топилди:

1-ўрин: Аваз Йўлдошев;

2-ўрин: Ҳасан Зикриёев ва Баҳриддин Бахриллоев;

3-ўрин: Умеджон Сатторов.

Лойиҳани юқори сифатда амалга ошириш мақсадида ҳакамлар ҳайъати ғолиблардан иборат яхлит web-дастурчилар жамоасини шакллантирди. Эндиликда ушбу жамоа SIUT профессорлари ва халқаро экспертлар кўмагида «Yangi Samarqand» порталини ишга тушириш жараёнини мустақил амалга оширади.