Самарқанд халқаро технология университети ташкил этилганига уч йил тўлди

Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқаро туристик марказида байрами тадбири ўтказилди.

Унда вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Нозир Ибрагимов, профессор-ўқитувчилар, университетнинг хорижлик ҳамкорлари, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида университет ректори, профессор Юсуф Абдуллаев олийгоҳнинг ташкил этилиши ҳамда уч йил давомида эришилган ютуқлар ва келажакдаги стратегик режалар ҳақида гапирди.

Ректор йиғилганларга университет ифтихори саналган, таълим жараёнида юқори натижаларни қайд этган 11 нафар энг иқтидорли талабани таништириб, уларга университет ташаккурномаси ёзилган сертификатларни топширди.

Шундан сўнг Н.Ибрагимов, Жомбой тумани ҳокими Қаюм Собиров, компаниялар гуруҳи бирлашган касаба уюшмаси раиси Алим Юсупов, таълим ва фан соҳасидаги касаба уюшмалари қўмитаси раиси Маҳмуд Бобоёров ва бошқалар университетдаги таълим жараёнларидаги ўзига хос жиҳатлар, битирувчиларнинг республикамиз иқтисодиёти учун етук мутахассис бўлишлари ҳақида сўз юритдилар.

Сана муносабати билан университетнинг халқаро ҳамкорлари - Глобал таълим консорциуми президенти Каролйн Бишоп (АҚШ), Шимолий-Шарқий энергетика университети президенти Каи Гуовай (Хитой), Ҳанкук халқаро тиллар университети президенти - Жеонг-Воон Парк (Корея Республикаси), Халқаро чой маданияти жамғармаси раҳбари Ванг Хуфенг (Хитой), Тианжин фан ва технологиялар университетининг халқаро алмашинув департаменти директори Вэй Шенжун (Хитой), Сан-Диэго давлат университети профессори Темпле Нортуп (АҚШ) ҳамда Интерактив роботлар ва медиа лабораториясининг асосчиси ва директори, дунёда Араб тилида сўзлашувчи “Ибн Сино” номли биринчи робот ихтирочиси – Николаос Мавридис ўзларининг видео-табрик ва қутловларини юборди.

Тантанали тадбир миллий ва халқаро мусиқий куй-қўшиқ ва саҳна кўринишлари билан давом этди.