Сиёсий партиялар ва депутатлар қачон "уйғонади"?
Хусусан, 2017 йил 12 июлда давлатимиз раҳбари раислигида ўтган Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида соҳадаги муаммолар, сиёсий партия ва депутатлар фаолияти танқидий таҳлил этилганди.
2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномада бу масалага яна бир бор эътибор қаратиб, "Афсуски, депутатлар, сенаторларимиз уйғониши керак, бу – ҳаёт талаби, деган гаплар гаплигича қолиб кетди. Яна бир бор айтаман, кутилган амалий натижа йўқ", деб таъкидлади.
Сиёсий партияларнинг Нарпай тумани кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини ўрганар эканмиз, Президентимиз бу борада нақадар ҳақ эканлигига амин бўлдик.
Тумандаги депутатлар фаолияти билан танишишдан аввал фуқаролар билан мулоқот қилдик.
– Тўғриси, депутатимиз ким эканлигини билмайман, – дейди Оқ олтин маҳалласида яшовчи Ш.Раҳмонова. – Шунинг учун ҳам муаммоларимиз юзасидан маҳалла фуқаролар йиғинига, ҳал этилмаса, туман ҳокимлигига мурожаат қилишга мажбурмиз.
Оқтош маҳалласида яшовчи фуқаро О.Бўроновадан ҳам шу каби сўзларни эшитдик.
– Оиламизда муаммоларимиз бор, ногирон фарзандларим туфайли ижтимоий муҳофазага муҳтожмиз, – дейди у. – Бу масалада депутатга мурожаат қилиб, ёрдам сўрашим мумкинлигини, тўғриси, сиздан эшитяпман.
Фуқаролар фикрини тинглаб, бир оз ажабландик. Халқ билан мулоқот қиляпмиз, деб кўкрагига ураётган депутатлар аслида нима билан банд? Нега уларни сайлов округидаги фуқаролар танимайди? Ахир, маҳалла фуқаролар йиғинларида уларнинг қабул кунлари белгилаб қўйилган-ку!?
Оқтош маҳалласидаги фуқаронинг эътирозларини эшитиб, депутатдан изоҳ сўрамоқчи бўлганимизда бу ҳудуддаги сайлов округида туман кенгаши депутатлик ўрни бўш эканлигига гувоҳ бўлдик. Оқ олтин сайлов округидаги депутатни соғлиғидаги муаммолари туфайли учратолмадик.
Бу ҳолатлар туманда депутатлар ўз фаолиятларини қониқарли йўлга қўймаганлиги, аҳоли билан мулоқоти етарли даражада эмаслиги, шунингдек, депутатлар қўнимсизлиги каби муаммолар борлигини кўрсатиб турибди. Халқ депутатлари Нарпай туман кенгашининг яқинда ўтказилган ўттиз тўртинчи сессиясида 9 нафар депутатнинг фаолияти муддатидан олдин тўхтатилгани ҳам фикримизнинг тасдиғидир.
Ўрганиш давомида сиёсий партиялар туман кенгашлари депутатлик гуруҳлари томонидан сессияларга масала киритиш, мансабдор шахслар ҳисоботини тинглаш каби муҳим масалалар етарли йўлга қўйилмаганлигини кўриш мумкин.
Жумладан, Халқ демократик партиясининг 8 нафар депутатдан иборат депутатлик гуруҳи томонидан 2017 йил давомида бирорта мансабдор шахс ҳисоботи тингланмаган, туман кенгаши сессияларига бор-йўғи 1 та масала киритилган. Бошқа партияларда ҳам бу борада ишлар қониқарли эмас.
Депутатларнинг баъзилари билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг бирортасида депутатлик йиғма жилди юритилмаганлигига гувоҳ бўлдик. Аксариятининг бу каби йиғма жилддан хабари ҳам йўқ. Аслида ойма-ой амалга оширилган ишлар, режа ва ҳисоботлар, депутатлик сўровлари ва уларнинг натижалари ҳақидаги маълумотлар депутат йиғма жилдига киритиб борилиши керак.
Вилоятимизда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, доимий комиссиялар фаолияти ўрганилиб, аниқланган муаммо ва камчиликлар вилоят Кенгаши сессиясида муҳокама қилинган, бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар белгиланган эди.
Маҳаллий кенгашлар депутатлари зиммасига биринчи навбатда электрон манзилга эга бўлиш вазифаси юклатилганди. Афсуски, халқ депутатлари Нарпай тумани кенгаши депутатларининг аксарияти ҳали ўз электрон манзилига эга эмас. Айримларининг бу борада етарли тушунчаси ҳам йўқ.
Демак, хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят сессиясида белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси сиёсий партиялар ва депутатлар томонидан ҳанузгача таъминланмаяпти. Бу мавзудаги аввалги мақолаларимизда вилоят сессиясида сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари раислари келгусида бу муаммоларни бартараф этишга ва бундай камчиликларга йўл қўймасликка ваъда берганини ёзгандик. Яна такрорлаймиз: Ҳурматли раислар, бу ваъда қачон бажарилади?
Президентимиз бирор йиғилишда сиёсий партия ва депутатлар фаолияти бўйича танқидий фикр билдирса, эртасига оммавий ахборот воситаларида "Бу танқиддан тўғри хулоса чиқардик, энди янгича ишлаймиз", мазмунидаги баландпарвоз гапларни қалаштириб ташлаймиз. Зудлик билан йиғилишлар ташкил этамиз, аммо амалда-чи?
Амалда ҳеч нарса ўзгармаса, бундай мажлисбозлигу баландпарвоз сўзлардан нима наф?!
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
"Зарафшон" мухбири.