Сиёсий шарҳ: Янги дунё манзаралари
ХХI асрнинг 21 йили ҳам якунига етиб бормоқда. Ўтиб бораётган йил кимгадир бахт-омад келтирди, кимгадир оғир азоб-уқубатлар йили бўлди. Менга эски йилнинг қиёфасини чизиб беришга тўғри келса, энг аввало, она юртимизда яшаётган инсонларни тиббиёт ниқобларисиз тасвирлаб берган бўлардим.
Чиндан ҳам, Ўзбекистонимиздан коронавирус балосининг чекиниши халқимизнинг катта бахти бўлди. Яна менинг тасаввуримда Америка ҳарбий учоқларидан тутдек тўкилаётган афғонларнинг сурати қўрқинчли кинофильмнинг кадрларидек абадий сақланиб қолди. Байрамлар, тантаналар билан бирга даҳшатли сув тошқинлари, зилзилалар, тўфонлар, ҳарбий можаролар баъзан ёнма-ён, баъзан бир вақтнинг ўзида содир бўлди. Дунёнинг айрим чеккаларида ковид балоси қайтадан кучайиб, миллион-миллионлаб кишилар ёстиғини қуритди.
Эсимда қолган яна бир манзара: юртимизда тўйлар кўп бўлди, жуда кўп бўлди. Тўйхоналар деярли танаффуссиз ишлади. Тўйлар – мамлакат тинчлиги ва фаровонлигини аниқ кўрсатиб берувчи сезгир барометрлардир. Кўчаларимизга сиғмай бораётган машиналар, тобора юқорига юксалиб бораётган осмонўпар бинолар, кунда бўлмаса кунора иш бошлаётган йирик саноат корхоналари мамлакатимиз тараққиётининг муҳим сифат кўрсаткичлари эканлиги кўриниб турибди. Бироқ бу дегани биз ҳамма муаммо ва оғриқларимиздан халос бўлдик, дегани эмас. Хорижда иш излаб юрган миллион-миллион меҳнат муҳожирларимиз, ҳали тамоман тугатилмаган қашшоқлик, кундан кунга жамиятимизни ўз домига тортаётган коррупция балоси, ёшларимиз орасидаги давомий ишсизлик, таълим ва тиббиёт соҳасидаги эски ижтимоий муаммолар... буларнинг бариси кейинги тараққиётимиз оёғидаги тушов бўлиб тургани ҳам аён ҳақиқат.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонимизни тубдан янгилаш ҳаракати изчил давом этмоқда. Айниқса, бу борада мамлакатимиздаги ютуқлар билан бирга муаммолар ҳақида ҳам очиқ гапирилаётгани биз, қалам аҳлини чексиз илҳомлантиряпти. Бугун оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш қилиш имконияти беқиёс кенгайиб кетди. Ҳатто оддий фуқароларимиз ҳам интернет воситасида ўз фикрларини эркин изҳор қилмоқда. Айнан ана шу жойда халқимизнинг хат-саводи, маданияти ва интеллектуал савияси ҳали ҳаминқадар эканлиги кўриниб қолмоқда. Битиклардаги ғиж-ғиж имло хатолари, иқтисодий-ижтимоий-ҳуқуқий масалалардаги чаласаводлик, ўзаро муомалада андишасизлик бу борадаги нуқсонларимизни ошкора фош қилиб қўймоқда.
Айтайлик, битта кўрмурид мулла буюк олим Эйнштейнни хунук сўзлар билан ҳақорат қилса, яна бир тетапо ҳижобга, соқолга қарши акциялар қайси ҳудудда кўпроқ эканлиги ҳақида маълумотлар тўплаётгани ва бу борада махсус иш бошлаб юборгани ҳақида хабар ёзмоқда. Шахсан мен ўзим рўмолни хотин-қизларимизнинг зийнати, соқолни эса эркакликнинг неъмати деб биламан. Ахир, Яратган эгам эркак юзига соқолни беҳикмат яратмаган, деб ўйлаб юрардим. Яқинда муҳтарам бир олимнинг бу ҳақидаги мақоласини ўқиб узил-кесил ишонч ҳосил қилдим. Унинг ёзишича, соқол киши юзини қуёш радиациясидан ҳимоя қилиб, турли тери касалликларининг олдини олар экан. Аёлларда эса айнан шу вазифани рўмол бажаради. Бироқ мен бу борада кимнингдир бошқалар устидан ҳукмфармолик қилишига қатъиян қаршиман. Ҳар ким ўзига ярашиқли ишни қилгани маъқул, деб ўйлайман. Булар энди маҳаллий ва шахсий аҳамиятга молик гаплар.
Энди тор хонамиздан жаҳон айвонига чиқиб назар ташлагудек бўлсак, бундан ҳам бадтарроқ хунук манзараларнинг гувоҳи бўламиз. Уларнинг олдида бизнинг маҳаллий муаммоларимиз ҳолва эканлигига амин бўламиз.
Бугунги кунда дунё ҳамжамияти худди ўтган асрларда бўлганидек, уруш ва тинчлик, қуролсизланиш, қашшоқлик, эпидемия ҳамда экологик муаммолар билан юзма-юз бўлмоқда. Булар орасида ҳозир энг долзарби – катта жаҳон уруши чиқиб кетиши хатаридир. Тинчлик соҳасидаги Нобель мукофотининг лауреати Дмитрий Муратовнинг фикрига кўра, уруш ва тинчлик масаласини дунё сиёсатчилари ўзига хос бизнесга айлантиришди. Ўзларининг агрессив режаларидан воз кечмаган империалистлар дунёни янги жаҳон уруши ёқасига келтириб қўйишди. Айрим сиёсий кузатувчиларнинг фикрича, бугунги вазият ўтган асрда содир бўлган “Кариб инқирози”дан ҳам хатарлироқ. Чунки, ўшанда янги уруш хавфи дунёнинг битта нуқтасида вужудга келган эди. Бугунги хатарларнинг эса географияси жуда кенг. Украина, Тайвань, Беларусь, Болтиқбўйи, Сурия, Эрон, Покистон, Афғонистон... қўйингки, дунёнинг ўнлаб мамлакатларида уруш чиқиб кетиши эҳтимоли кучаймоқда.
Шу боис бўлса керак, дунё афкор оммаси янги йилда бошланиши кутилаётган Россия – АҚШ музокараларини умид билан кутяпти. Чунки бу икки йирик давлат ўртасида ҳал қилиниши мушкул чигал муаммолар юзага келган. Гарчанд ҳали янги “совуқ уруш” бошланган бўлмаса-да, улар ана шу хатарнинг остонасида турибди. Россия Америкадан НАТО ҳарбий-сиёсий ташкилоти чегараларини Шарққа ортиқ силжитмасликни талаб қилмоқда. Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтиш жоизки, янги-янги мамлакатларнинг НАТО пинжига киришларига, аслида, россияликларнинг номақбул сиёсати сабаб бўлаётир. Украинадан Қрим ярим оролининг тортиб олиниши, унинг шарқий чегараларига қилинган тажовуз, қолаверса, ён-атрофдаги қўшни давлатларга ҳудудий даъволар қилинаётгани уларни ўзларига четдан ҳимоячи топишга ундамоқда.
Узоқ Шарқда Хитой Тайвань муаммосини ҳарбий куч ёрдамида ҳал қилишни режалаштирмоқда. Дунё миқиёсида АҚШнинг доминантлик даражасини пасайиши ёмон оқибатларни келтириб чиқариши кундан кунга тобора аёнлашиб бормоқда. Айниқса, Америка қўшинларини Афғонистондан шошма-шошарлик билан олиб чиқиб кетилиши дунё сиёсий иқлимини сезиларли даражада бузилишига олиб келди. Рақиб давлатлар АҚШни заиф давлат сифатида баҳолай бошлади. Биз буни ташвиш билан қайд этишимизнинг сабаби шундаки, ўтган асрнинг 30-йилларида ҳам худди шундай вазият содир бўлган. 20-йиллар охирида Америкада юзага келган оғир иқтисодий инқироз оқибатида мамлакат бирмунча заифлашиб, дунёнинг сиёсий ҳаётига фаол аралашолмай қолганди. Бундан илҳомланган Германия, Италия ва Япония ўзларининг агрессив иттифоқларини тузишган, улар билан яккама-якка қолган Европа давлатлари ҳамда СССР Гитлер билан муроса қилишга мажбур бўлишган эди. Европаликлар Чехословакияни қурбон қилишган бўлса, Сталин Гитлер билан ўн йиллик шартнома тузишга мажбур бўлганди.
Бугунги вазият ҳам тахминан ўша ҳолатни эслатмоқда. Фарқ шуки, Чехословакия ўрнига Украина, ўн йиллик шартнома ўрнига НАТОни шарққа силжитмаслик келишувини имзолаш. Бироқ ўшанда буларнинг бариси Иккинчи жаҳон урушининг олдини ололмаган ва кейинчалик даҳшатли жанглар бошланиб кетганди. Шу маънода, эндиги уруш тамоман бошқача бўлиши кутилмоқда. Худо кўрсатмасин, бу жанглардан энди ҳеч ким омон чиқмайди. Ҳозирги тўпланган атом-ядро қуроллари Ер куррасини бир эмас, бир неча марта култўдага айлантириш қувватига эга. Биринчи жаҳон урушида 10 миллион инсон қирилиб кетган бўлса, Иккинчи жаҳон урушида тахминан 60 миллиондан ортиқ одамларнинг ёстиғи қуриди. Тахминан, дейишимизнинг боиси шуки, қурбонлар сони ҳали охиригача санаб чиқилган эмас. Дунё жангарилари тайёрлаётган янги жаҳон урушида энди ҳисоб миллионларда эмас, балки миллиардларда бўлиши аён кўриниб турибди. Бўлажак муҳорабанинг битта натижаси аниқ: унда ғолиблар бўлмайди, унда ҳамма мағлуб бўлишга маҳкум.
Дунё халқлари янги 2022 йилни кутиб олишга ҳозирланаётган ушбу ҳаяжонли кунларда янги йилимиз бизга янги-янги қувончлар олиб келади деган умид ҳеч биримизни тарк этмасин.
Кириб келаётган янги йилингиз қутлуғ бўлсин, азизлар!
Худойберди Комилов, сиёсий шарҳловчи.