Солиқчи корхонага солиқ ундириш учун эмас, тадбиркорга кўмаклашиш учун келди

Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида амалий ёрдам бериш мақсадида тадбиркорларнинг корхонасига борган ҳолда фаолиятлари билан яқиндан танишмоқда.
“Turon polipropilen gold” масъулияти чекланган жамияти Халқ банки Каттақўрғон филиалидан ажратилган 200 минг АҚШ долларилик кредитга Хитойдан полипропилен қоп ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилди. Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари ушбу корхонага ташриф буюриб, тадбиркорлик субъектининг фаолияти билан атрофлича танишиб, зарур маслаҳат ва тавсияларни берди.
– Каттақўрғон шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари корхонамизга ташриф буюриб, зарур маслаҳатлар билан ўртоқлашди, – дейди корхона раҳбари Фарҳод Баҳриев. – Жумладан, хориждан олиб келинган асбоб-ускуналар учун божхонада тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш, электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш, ходимларни расмийлаштириш бўйича тушунча ва тавсиялар берди. Ихтиёримизга қайтадиган маблағни хомашё харид қилиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга йўналтирмоқчимиз. Шунингдек, 30 кишини иш билан таъминлашни ҳам режалаштирганмиз.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.