Солиқчилар тадбиркорларнинг таклиф ва муаммоларини эшитди

Самарқанд шаҳрида вилоят солиқ бошқармаси раҳбарияти кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан навбатдаги очиқ мулоқотини ўтказди.

Тадбир аввалида масъуллар тадбиркорлар учун мавжуд солиқ имтиёзлари, преференциялар ва улар билан боғлиқ янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берди. Учрашув давомида 60 дан зиёд тадбиркорлик субъекти қатнашиб, 12 та мурожаат кўриб чиқилди.
Хусусан, мулоқот чоғида солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, қўшилган қиймат солиғини қайтариш, ҳисоботларни тақдим этиш, маркировкалаш ва EXF расмийлаштириш каби масалалар муҳокама этилди.
Шунингдек, учрашувда тадбиркорлар бир неча таклифлар ҳам берди. Хусусан, "Dil-Rizo-Grand" МЧЖ ҳисобчиси А.Худоёров Солиқ мобил иловасига янги функциялар қўшиш, Шахсий кабинетга келган хабарномаларни мобил иловада ҳам кўриш имкониятини яратиш бўйича ўз таклифлари билан ўртоқлашди.
Тадбир давомида билдирилган мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди, муддат талаб қиладиган масалалар эса белгиланган тартибда назоратга олинди.