Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Спарк» кимга насиб этиши маълум бўлди

Гарчи, танлов соат ўнларда бошланиб, 18.00 га қадар давом этган бўлса-да, ҳеч ким оғринмади, “тугата қолайлик, кеч бўлиб қолди”, демади. Тўғри, асосий томошабинлар иштирокчиларнинг ўзи ва уларни қўллаб-қувватловчилардан иборат эди. Улар бир-бирини эътибор ва диққат билан тинглади, тўғри жавобдан завқ олишди, нотўғри жавобдан «эҳ», дея хижолат бўлишди. Бир-бирига рақиб бўлса-да, оила аъзолари томонидан ўқилаётган шеър завқидан хурсанд бўлиб, ҳакамлар ҳайъатидан олдин баҳони беришди.

Ташқарида минус беш даража совуқ ҳукм сурган пайти, Ёшлар маркази биносидаги ҳарорат 30 даражадан ошди, десам муболаға бўлмайди. Сабаби аён - марказда кутилган, иштирокчилар томонидан узоқ тайёргарлик кўрилган, «Энг яхши китобхон оила» танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Адабиёт, бадиий асарлар ҳақида сўз борди, ёзувчи, адиб, шоирлар ҳаёти, фаолиятидан фикрлар айтилди, баҳру байт завқидан баҳраманд бўлинди.

Танловнинг шаҳар, туман босқичларида ғолиб чиққан 15 та оила тўртта шарт бўйича ўзаро беллашди. Тадбир аввалида вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Г.Алимова сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлар экан, зиёли, китобхон оилалаларнинг кўпаяётгани жамиятнинг ривожи учун муҳим омил эканлигини таъкидлаб ўтди.

- Президентимизнинг беш ташаббуси ижроси юзасидан ўтказилаётган ушбу танловнинг қуйи босқичларида икки ярим мингдан зиёд оила иштирок этди, - дейди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Сожида Насриева. – Унинг қуйи босқичлари ҳам қизғин баҳс-мунозараларга бой, кўтаринки руҳда ўтди. Одамларда китоб ўқишга иштиёқ, ҳавас жуда кучайганини кузатдик. Шунинг учун бу танловда фақат ўрин олган эмас, балки барча иштирокчи ютди. У маънавиятга ошнолиги, хонадонида зиё таратиб туриши билан ғолиб.

Оилаларда китобхонлик учун яратилган шарт-шароитлар хусусидаги видеоролик намойиши, ўзбек ва жаҳон адабиёти адиблари ҳаёти ва фаолияти, ушбу асарларни қанчалик яхши билиши, баҳру байт каби шартлардан ўтган иштирокчилар ҳаяжон билан умумий баллар ҳисобини кутди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Т.Тугалов ҳакамлар ҳайъатининг умумий хулосалари натижаси ғолибларни эълон қилди.

Жумладан, «Энг яхши китобхон оила» танловининг мутлақ ғолиби қўшработлик Мусурмоновлар оиласи деб топилди. Иккинчи ўринни Тойлоқ туманидан келган Рашидовлар оиласи, учинчи ўринни оқдарёлик Шакаровлар оиласи эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, биринчи ўринни эгаллаган ғолиб оилага «Спарк» автомобили ваъда қилинган эди. Ғолибларни тақдирлаш маросими ҳақида сайтимизда маълумот берамиз.

Гулруҳ  МЎМИНОВА.