Каттақўрғонлик Жаҳонгир Тўраев «Билим учун 100 миллион» олимпиадаси ғолиби бўлди
Тошкент шаҳрида ўтказилган «Билим учун 100 миллион» олимпиадасининг финалида Каттақўрғон шаҳрида яшовчи, бугунги кунда Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси Жаҳонгир Тўраев ғолиб бўлди. Унга 100 миллион сўм мукофот топширилди.
- Жаҳонгир болалигидан математика фанига қизиқарди, - дейди онаси Салима Усмонова. – Шунинг учун уни 6 ёшида шаҳримиздаги 17-ИДУМнинг 1-синфига қабул қилишди. Бошланғич синф ўқитувчиси Хадича опа Рашидова унинг иқтидорига алоҳида эътибор бергани туфайли ментал арифметикани яхши ўзлаштирди. Сўнгра Гулнора Қўчқорова, Инобат Пармоновалардан сабоқ олиб, шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказиладиган билимлар беллашуви, кичик олимпиадаларда муваффақиятли иштирок этди, фахрли ўринларни қўлга киритди.
Жаҳонгир 2015 йилда Хитойнинг Чанчунь шаҳрида 6-8 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган Халқаро математика олимпиадасида иштирок этиб, 30 га яқин давлатларнинг 600 дан ортиқ ўқувчилари орасида 2-ўринни эгаллади. Бу унинг математика фанига бўлган қизиқишини янада орттирди.
Йигирма ёшли Жаҳонгир бугунгача ўндан зиёд халқаро математика олимпиадаларида совриндор бўлган. У академик Т.Саримсоқов номидаги, академик Қори-Ниёзий номидаги стипендиялар совриндори ҳамда «Асакабанк» АЖ томонидан ташкил этилган «Ёш математик» стипендияси соҳиби.