Спектакль кўп, томошабин-чи?

Зиёли бир танишимни театрга таклиф қилдим.
- Ака, бугун бир театрга бормаймизми, шу баҳона болаларни ҳам айлантириб келардик?
- Дўстим, бугун дам олиш куни бўлса, ундан кўра бирор жойга бориб, икки сих шашлик билан-а, нима дейсиз?...
Очиғи, баъзида ўзим ва атрофимдаги зиёлиларнинг театр, музей ёки тарихий обидаларга кам боришидан хижолат чекаман. Чет давлатларга борганларнинг айтишича, бундай масканларга келаётганлар орасида маҳаллий аҳоли кўпчиликни ташкил қилар экан. Афсуски, бизда бундай эмас. Умуман, маънавият, маданият ва тарихга қизиқиш, уни ҳурмат қилиш кўникмаси қуйи бўғинга тушиб бораётгандек назаримда. Аксинча бўлганда, одамлар, айниқса, ёшлар бўлар-бўлмас шоу кўрсатаётган гуруҳлар орқасидан эргашмасди, улардан андоза олмасди.
Хўш, бунга сабаб нима?
Биринчидан, бугунги кунда ижтимоий тармоқлар оммалашиб, енгил-елпи лавҳалар, савияси паст қўшиқ ва фильмлар, бачкана дастур ҳамда кўнгилочар видеолар кўпайиб кетди. Бу эса одамларга маънавий озуқа бўладиган маданият ва санъатнинг жар ёқасига келиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Иккинчидан, хориж маданияти, киноси, қўшиқлари, умуман, “оммавий маданият”нинг кириб келиши оқибатида замонавий ҳаёт тарзида кўпроқ интерактив ва динамик кўнгилочар воситаларга талаб ошмоқда. Натижада буларнинг барчаси миллий маданиятимиз ва санъатимизга салбий таъсир қиляпти ҳамда театр ва музейларнинг ўрни йўқолиб боряпти.
Учинчидан, ижтимоий тармоқларда театр репертуаридаги спектакллар рекламаси машҳур инсонлар ёки креатив видеоролик ва трейлерлар орқали намойиш этилмайди. Шунчаки эълонда қайси театрда, қандай номдаги спектакль намойиш этилиши кўрсатилади, холос. Ваҳоланки, машҳур ва профессионал актёрлар ёки режиссёрларнинг хатти-ҳаракати, тарғиботлари спектаклга бўлган қизиқишни оширади.
Тўртинчидан, китоб ўқийдиган, илмга қизиқадиганлар ҳам камайиб кетмоқда. Психологлар фикрига кўра, ҳозир одамлар кўпинча иш, ўқиш ёки ҳаётдаги бошқа муаммолар сабабли кўп стресс ва тангликка дуч келишади. Енгил мазмундаги контент уларга диққатини чалғитиш, дам олиши ва кайфиятини кўтаришга ёрдам беради.
Бешинчидан, одамлар узун ва маънодор контентни тушуниш учун вақт ва диққат зарур бўлади. Бизда эса битта спектаклни кўришга камида бир соат вақт кетади. Одамлар эса кўп вақт сарфламасдан енгилроқ ва тезроқ мазмунли нарсаларни танлашади. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар енгил контентни кенг тарқатади ва унга бўлган талабни оширади. Одамлар ўз атрофидагиларнинг танловларига таъсирланиб, шундай контентларни танлашга мойил бўлмоқда.
Театр жонли кўзгу, ундан воз кечиб бўлмайди
Театрга тушиш учун бирон ҳафта олдин чипта олиб қўйилмаса, спектакль кўриш амримаҳол бўлган пайтларни ёши катталар яхши эслайди, - дейди вилоят мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Раҳимов. - 46 йиллик фаолиятимдан келиб чиқиб айтишим керакки, театр шунчаки саҳна асари эмас, балки жонли кўзгу. Турмуш тарзимиздаги нуқсонларни, инсонларнинг асл қиёфасини очиқ-ойдин кўрсатади, атрофимизда юз бераётган, аммо биз илғамаган ҳаёт ҳақиқатларини англашга ундайди. Шу боис ундан воз кечиб, йўқотиб ёки ўрнини бошқа нарса билан тўлдириб бўлмайди. Ҳозир ҳам театрларимизда қўйилаётган спектаклларда ана шу мазмун ва ғоя сақланиб қолган. Фақат бундай асарларимиз саноқли. Бу эса театрларимизга маҳоратли актёр, режиссёр ва драматурглар кераклигини англатади.
Томошабинларга келсак, уларнинг театрга келиб, спектакль томоша қилиши, ундан хулоса чиқариши жамиятнинг савияси, одамларнинг турмуш даражаси ва энг асосийси, оила муҳитига боғлиқ. Орамизда умрида бир марта театрга бормаган, спектакль томоша қилмаганлар бор. Бу ҳам майли, театрга келиб, спектакль кўриш ўрнига, гап сотиб ўтирган ёки телефонидан бошини кўтармаётган томошабинлар ҳам йўқ эмас. Мисол учун, ҳоким театрга борса, у билан ўринбосарлари ва бошқа мутасаддилар ҳам келади. Оилада ҳам шундай - оила бошлиғи яқинларига ўрнак бўлса, қолганлар ҳам унга эргашади. Айтмоқчи бўлганим, бугунги глобаллашув даврида одамларга маънавий озуқа бўладиган театрга, умуман, маданият ва санъатга бефарқ қараб бўлмайди. Шундай экан, ҳар биримиз ўзгаришни ўзимиздан бошлашимиз керак.
Тизимда қандай муаммо ва камчиликлар бор?
Вилоятимизда тўртта театр бор. Вилоят мусиқали драма театрига 1914 йил 15 январда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» спектакли билан тамал тоши қўйилган. 110 йиллик тарихга эга театрда турли мавзу ва жанрлардаги тарихий, миллий, замонавий ва жаҳон классик асарлари саҳналаштирилиб, томошабинлар эътиборига ҳавола этилмоқда.
- Театримизда 200 нафардан зиёд ходим ишлайди, - дейди театр директори Ботир Тугалов. – Театрлар режасига кўра, йилига тўртта янги спектакль саҳналаштирамиз. Ҳозирда 20 дан ортиқ спектакль мухлислар эътиборига ҳавола этилмоқда. Кўпчилик театр билет нархлари қиммат деб ўйлаши мумкин, лекин ундай эмас. Билетлар томошабиннинг ёшига қараб, 10 минг сўмдан 40 минг сўмгача сотилади. Байрамлар арафасида ва театр ҳафталиги кунларида спектакллар бепул намойиш этилади.
Тизимдаги асосий муаммолардан бири кадрлар масаласи. Театримизда саҳна ишчилари, шифокор, маркетолог, ахборот хизмати штати йўқ. Аксарият ходимларимизга бу ишлар қўшимча вазифа сифатида юклатилган. Шунингдек, саҳна учун медиа аппаратлар, декорациялар, кўргазма воситалари етарли эмас. Театр труппаларининг ҳудудларда томошалар қўйиши, турли тадбирларга жалб қилиниши учун йўл харажатлари ва билет пуллари театрлар ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши керак. Чунки театр ходимлари ўша маблағ ҳисобидан ойлик олади ва спектакль декорацияларини яратиш, асарларни саҳналаштиришга ишлатилади. Бунинг учун эса маҳаллий ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар театрлар ҳамда ҳудудлардаги маданият бўлимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши керак. Ҳозир эса бармоқ билан саноқли ташкилотлар билан шартнома имзолаганмиз. Ходимларга келсак, тизимда ёш актёрлар кўп ва доим ҳам ролини қойиллатиб ижро этавермайди. Чунки кейинги йилларда актёрлар аттестациядан ўтказилмаяпти ва малакасиз ходимлар кўпайган.
Мутахассислар фикридан кўриш мумкинки, одамларнинг спектаклларга қизиқишини ошириш, томошабинлар ўрнини тўлдириш учун театрга боришни одатга айлантириш лозим. Бунинг учун, аввало, таълим муассасалари ва вилоятдаги театрлар билан шартнома тузиш, спектакллар рекламаси, намойиши учун маблағ ажратиш зарур. Боғча ва мактаб ёшидагиларнинг театрларга қатъий ва мунтазам боришини йўлга қўйиш керак. Шунингдек, ҳар бир ташкилотда ҳам бу амалиётни қатъий белгилаш мақсадга мувофиқ. Албатта, театрга боришни ташкил қилиш учун йўл харажатлари асосий масала ва бу маблағ билан боғлиқ. Ташкилотларда касаба уюшмаси томонидан ҳар бир ходим учун йиғим олинади. Жараённи ана шу маблағ ёки ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ҳам ташкил қилса бўлади.
Фазлиддин Рўзибоев.