Субсидия: Эндиликда ариза берувчининг хоҳишига кўра, унинг даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадлари киритилиши мумкин
“2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли параметрлари тасдиқланган. Ушбу ҳужжат доирасида аризалар қабул қилишнинг иккинчи босқичи жорий йилнинг 23-сентябр куни соат 09:00 да бошланади.
Ижтимоий мезонларга мувофиқ, субсидия олиш учун фуқароларга янада кенгроқ имконият яратиш мақсадида уларнинг даромадларини инобатга олиш тартибига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда ариза берувчининг хоҳишига кўра, унинг даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин бўлади. Субсидия асосида уй-жой истагида бўлган фуқаролар давлат хизматлари марказларига бевосита борган ҳолда ёки “my.gov.uz” ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда ариза топширишлари мумкин.
Ариза берувчи ёки унинг турмуш ўртоғининг (шу жумладан, кафил сифатида келтирган яқин қариндошлари) ўртача даромад миқдори
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ)нинг 2,7 бараваридан (2 миллион 835 минг сўм) 8 бараваригача (8 миллион 400 минг сўм);
- Тошкент шаҳрида — МҲТЭКМнинг 2,7 бараваридан (2 миллион 835 минг сўм) 9,2 бараваригача (9 миллион 660 минг сўмгача) бўлиши зарур, дея хабар бермоқда вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси.