Судда бюрократик тўсиқлар қай тариқа бартараф этилади?

Бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 8 та конституциявий қонун, 15 та кодекс ва 600 дан зиёд қонун қўлланилмоқда. Ўз навбатида, қонунчиликни такомиллаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг конституцион ва юридик ҳуқуқларини, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган ҳужжатлар қабул қилинишига асосий эътибор қаратилди.

Хусусан, жорий йил 3 сентябрь куни давлатимиз раҳбарининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Энди фуқароларнинг судга бориб вақтларини сарфламасдан, электрон тартибда шикоят ва аризаларни тақдим этиб, ижросини электрон тарзда кузатиб боришлари мумкин бўлади.

Қарорга асосан жисмоний ва юридик шахсларнинг суд ҳокимияти билан муносабатлари босқичма-босқич электронлаштириб борилади. Хусусан, 2021 йил 1 январдан барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш йўлга қўйилади.

Олти ойдан сўнг, яъни 1 июлдан апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида тақсимлаш автоматик равишда амалга оширилади.

Барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида 2021 йил 1 октябрдан SMS хабар орқали бепул асосда хабардор қилинади.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этилади.

Умуман, 2022 йил 1 июлга қадар суд ҳокимияти органлари фаолиятида 10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.

Муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатлар 2023 йил 1 январдан судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олинади. Яъни, фуқароларнинг овора бўлишига ўрин қолмайди.

Шунингдек, судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлардан фойдаланилади.

Алимент миқдорини белгилашда ҳам туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш орқали амалга оширилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этади.

Суд мажлиси иштирокчилари томонидан ҳам маълумотлар ва ҳужжатлар электрон шаклда юборилади.

Албатта, ушбу йирик ўзгаришлар ва ислоҳотлар яқин келажакда суд ҳокимиятининг чинакам мустақил орган сифатида мақомини оширишга, фуқароларнинг судларнинг очиқлиги ва шаффофлигига ишончини янада оширишга, судларнинг адолат қўрғонига айланишига бевосита хизмат қилади.

Зафар ИБРАГИМОВ,

жиноят ишлари бўйича Нурота тумани суди раиси.