Судьялар олий мактаби: Тизимни юксак билим ва кўникма, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган соғлом фикрловчи кадрлар билан тўлдириш мезони

Халқимизнинг судга бўлган ишончини ортиши учун суд ишлари кўрилишида юксак мукаммаллик, қонун устуворлиги, соҳани юксак билим ва кўникмага ҳамда катта ҳаётий тажрибага эга бўлган соғлом фикрловчи кадрлар билан тўлдириш лозим.
Шу маънода, Республика Президентининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактаби ташкил этилган.
Бугунги кунда Судьялар олий мактаби ўқиган юзлаб битирувчилар судьялик лавозимларида ишлаб келмоқда. Айнан суд тизимида узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган суд ходимларининг Судьялар олий мактабида таҳсил олишлари уларнинг амалий билим ва тажрибалари назарий билимлар билан мустаҳкамлаб, адолат устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайдиган, ҳалол ва пок судьялар бўлиб етишишларини кафолатлайди.
Суд тизимида хотин-қизларнинг фаол иштирок этиши гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ижобий таъсир кўрсатади. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда суд ихтисослиги бўйича ажратилган квоталар сони оширилди. Судьялар олий мактаби судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсига жами 96 нафар, шундан 30 нафар жиноят, 30 нафар фуқаролик, 20 нафар иқтисодий, 16 нафар маъмурий суд ихтисослиги бўйича қабул қилиниши режалаштирилган. 2022-2023 ўқув йилида жами 65 та квота ажратилган эди.
Кириш синовларида номзодлар ихтисослик фани ва инглиз тилидан тест, ҳуқуқий мавзуда иншо ҳамда оғзаки суҳбат шаклида имтиҳон топширадилар ҳамда жами йиғилган баллар энг юқорисидан бошлаб қабул қилинади.
Қабул жараёнлари ва тест синовларининг соддалаштирилганлиги, имтиҳонлар шаффоф ва адолатли ўтказилиши, квоталар сони оширилиб, қамров ҳажми кенгайиши профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини изчил амалга оширилиши ва инсон ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолатланиши учун хизмат қилади.
Адҳам АБДИЕВ,
Самарқанд вилоят судининг судья катта ёрдамчиси.