Суҳбати қовушмаганлар пичоқлашди
2020 йил 5 июль куни соат 02:00 да Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи 46 ёшли В.Б. хонадонида 34 ёшли С.К. билан ўзаро гаплашиб ўтирганида, В.Б.нинг укаси В.С. келиб С.К. билан ўзаро гаплари келишмай қолиши сабабли, В.С. С.К.нинг чап елка қисмига ошхона пичоғи билан урган ва тан жароҳат етказган. Ўз навбатида, С.К. В.С.нинг қорин соҳаси, пастки қисмига пичоқ билан зарба бериб, тан жароҳати етказган.
Оқибатда В.С. ва С.К.лар тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бўлимига мурожаат қилган. С.К.га амбулатор даволаниш белгиланиб, В.С.нинг жароҳати юзасидан жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, стационар даволаниш белгиланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан С.К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, процессуал тартибда ушланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.