Пойтахтдаги тунги клубда пичоқбозлик содир этилди, икки киши ҳалок бўлди
- 21.09.2020 13:23
- 952
- Жиноят ва жазо
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Юнусобод туманида қотиллик содир этилганлиги юзасидан хабар тарқалган. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати маълумот берди.
Аниқланишича, 2020 йил 20 сентябрь куни соат 06:00 ларда Юнусобод тумани Амир Темур кўчасида жойлашган тунги клубдан чиққан шахслар кўчада турган бошқа бир гуруҳ шахслар билан ўзаро жанжаллашган.
Жанжал вақтида фуқаро С.Х. ёнида бўлган пичоқ билан 4 нафар шахсга бир неча маротаба тан жароҳатлари етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Оқибатда 2 нафар шахс вафот этган, қолган 2 нафарининг ҳаёти сақлаб қолинган.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан С.Х.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «а, л» бандлари, 25,97-моддаси 2-қисми «а, л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
С.Х. процессуал тартибда ушланган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.