Суиқасддан сўнг ҳам касбига содиқ қолган самарқандлик журналист аёл
Ҳатто кўзлари бир муддат бу ёруғ оламни кўрмай қолганда ҳам қаламини ташламади. Аксинча, тезроқ соғайиб, жараёнга қайтишни, одамларга ёрдами тегишини ўйлаб, тушкунликни енгди. Ҳатто суиқасд уюштиришганда ҳам иродаси букилмади. Нафақат Самарқанднинг чекка туманлари, балки қўшни вилоятларда ҳам ҳафталаб бўлса-да, хизмат сафарида юриб, одамларнинг муаммоларини ўрганди, таҳлил қилди, алалоқибат ушбу масалалар ижобий ечим топди.
Гап самарқандлик кўплаб журналистлар, айниқса, шу касбни танлаган аёлларнинг устози, журналист, “Шуҳрат” медали соҳибаси Гулчеҳра Алибоева ҳақида кетмоқда. Тўғриси, Гулчеҳра опа ҳеч кимга интервью бермаслигини яхши билганим ҳолда суҳбатлашишга изн сўрадим. Табиийки, рози бўлмадилар. Гулчеҳра опани талабалигимдан билганим учун у кишининг ёзган мақолалари, бошидан кечирган воқеалардан хабарим борлигини, ўшаларни тўплаб ёзаман, деганимдан сўнггина баъзи ҳолатларга изоҳ бердилар.
- Жуда кўп танқид ёзганингиз учун сизни Қалампирхоним, деб аташгани ростми?
- Шундай. Танқид ҳеч қачон ҳеч кимга ёқмаган. Журналистни танқид қилишгани учун мудом ёмон кўришган. Тўғри, минбарларда, расмий давраларда танқид ҳақида жуда яхши фикрлар айтишади. Аммо танқиддан сўнг фақатгина муаммоси ҳал бўлган одамлар миннатдорчилик билдиради.
- Ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, ушбу миннатдорлик туфайли касбингизга содиқ қолганмисиз?
- Айнан касбим туфайли қийинчиликларга дуч келганим йўқ. Мен касбимни ҳаётимнинг бир бўлаги сифатида қабул қилганман доим.
- Бошқа вилоятда бир неча кунлаб қолиб кетганингиз эвазига қаттиқ совуқдан жиддий хасталикни бошдан кечиргансиз-ку.
- Тўғри, Қашқадарёга, одатдаги шикоятлардан бирини ўрганишга борганимда муаммонни ўрганиш мен ўйлаганимдан ҳам кўпроқ вақт талаб қилди ва уч кундан кўпроқ қолиб кетишимга тўғри келди. Бунинг устига ҳаво кескин совиб, қор ёғди. Юпун кийиниб борганман, куни билан жойларда юришга тўғри келди. Самарқандга қайтганимдан сўнг ҳароратим кўтарилиб кетди. Бир неча кун ўтгач эса кўзларим кўрмай қолди, ўша тобда додлаб юборганим ёдимда. Дарҳол шифокорларга бордик, тажрибали тиббиёт ходимлари текширув ўтказгач, қаттиқ шамоллаш натижасида шундай ҳолга тушганим маълум бўлди. Шифокорлар мени тинчлантириб, даволангач, кўзларим яна кўришини айтиб, тасалли беришди. Тўрт ой шифохонада муолажа олишимга тўғри келди. Ярим йилдан зиёд вақт мобайнида ишга чиқмасликка мажбур бўлдим.
- Ҳатто шу воқеадан сўнг ҳам касбингизга нисбатан муносабатингиз ўзгармадими? Ишламагансиз, молиявий жиҳатдан ҳам қийналгандирсиз?
- Бу воқеага касбимнинг алоқаси йўқ, деб ўйлайман. Пешонамда шундай бўлиши ёзилган экан, қолаверса, юқорида таъкидлаганимдай, ўзимнинг эҳтиётсизлигим, совуқдан ҳимояланмаганим сабаб бўлган. Молиявий жиҳатдан ўша пайти ишлаган “Туркистон” газетаси мени қўллаб-қувватлаган. Умуман, журналистик фаолиятимда ушбу газетанинг аҳамияти беқиёс. 90-йилларда “Туркистон” нафақат ёшларнинг, балки бутун ўзбекистонликларнинг севимли газетасига айланиб улгурганди. Адади бир миллион нусхага чиққан йиллар ҳам бўлган. Ҳар бир сонида албатта, танқидий, таҳлилий, кишини ўйга толдирадиган, фикрлашга ундайдиган мақолалар бўларди. Айтмоқчиманки, бемор ётган пайтларим устозимиз Жаббор Раззоқов ойлик маошимни сақлаб қолган. Гарчи менга вақтинчалик ногиронлик расмийлаштириш лозим бўлса-да, аммо бунга кўнмаганман. Пулсиз ўтирсам ҳам ногиронликни расмийлаштирмайман, деганман.
- “Туркистон”даги йилларингиз журналистик фаолиятингизнинг энг муҳим босқичи бўлган, деб айтоласизми?
- Албатта, “Туркистон” мени журналист сифатида тоблади, ушбу газета менга соҳанинг энг нозик асрорларини ўргатди, профессионал журналистни шакллантирди. Аммо менинг илк омадим – ҳали талабаликданоқ кучли журналистлар даврасида иш бошлаганим бўлса керак. Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида ўқиб юрган кезларимдаёқ “Ленин учқуни” газетасида иш бошлаганман. Айнан шу таҳририятда Ҳамза Имонбердиев, Ёқут Раҳимова, Абдусаид Кўчимов, Муяссар Отажонова каби тажрибали журналистлар билан ёнма-ён ишлаш, уларнинг ўгитларини олиш насиб этган менга. Шу ердаги нафақат самимий ижодий муҳит, балки қаттиққўллик ҳам менга бир умрлик сабоқ бўлган. Устозимиз Қулман Очилов битта мақолани керак бўлса, ўн мартагача ёздирган пайтлари бўларди.
- “Туркистон” газетасининг Самарқанд, Навоий, Бухоро бўйича вилоят мухбири бўлиш аёл кишига қийин бўлмаганми?
- Осон бўлмаган, албатта. Лекин юқорида айтганимдай, касбимдан завқ олардим, одамлар билан гаплашиб, уларнинг ҳаётини тасвирлаш, танқидий мақолалардан сўнг муаммоларнинг ҳал этилиши кишига куч берарди.
- Ўша ўтган асрнинг 90-йиллари ҳар бир мақолангиз машҳур бўлгани ҳақида эшитганмиз.
- Биласизми, ўша йиллари “Туркистон”даги ҳар бир мақола ўқишли, долзарб мавзуларни кўтариб чиққани билан эътиборли бўларди. Айниқса, устозларимиз сарлавҳаларга алоҳида эътибор қаратар, ҳатто яхши сарлавҳага мукофот пули ҳам ёзиларди. Қоидамиз ҳам шунга монанд эди: сарлавҳа - ярим баҳо, фамилиянг – юзинг. Яъни, сарлавҳани ўзи мақолага баҳо беради, ҳар бир мақола остида эса ўз имзоинг бўлади, шунга мос тарзда ҳаракат қилиш лозим. Доим шу қоидаларга амал қилганмиз. “Юз”имизга доғ туширмаслик учун тинимсиз меҳнат қилар, изланардик. “Тинчлик кўчасидаги нотинч йигит”, “Дарвозахонадаги аёл”, “Омонат қўйилган ғишт”, “Ўзим нур бўламан кўзларингизга” каби сарлавҳалар шуларнинг баъзилари.
- “Омонат қўйилган ғишт” мақоласи қаҳрамонлари, яъни ўқитувчилардан диктант олганингиз ростми?
- Чекка туманлардаги мактабдан у ердаги таълим сифати пастлиги, директор педагогикадан йироқ бўлган ўнлаб қариндошларини ўзи ишлайдиган мактабга жойлаштиргани билан боғлиқ шикоят келиб тушганди. Ўрганиш учун борганимда шикоятда келтирилган важлардан ҳам кўра жиддийроқ муаммолар борлигига дуч келдим. Афсуски, туман халқ таълими бўлимидагилар ҳам уларни ҳимоя қилиб турибди. Шунда мутасаддиларга ўз туманидаги камчиликни яққолроқ кўрсатиш учун ўша мактабдаги барча педагоглардан диктант олишларини сўрадим. Диктантни текшириш учун бошқа мактабдан холис ўқитувчини чақиртирдим. Диктанти бўялмаган, тўғрироғи “икки” баҳо олмаган ўқитувчи йўқ эди, ҳисоб. Шундагина халқ таълимидагилар, директор ҳам мулзам бўлиб, ўзини оқлай олмай қолди. Умуман, мактабдаги ҳақиқий аҳвол директорнинг хонасига кириб борганимдаёқ маълум бўлганди. Директор синиқ стол-стулда ўтириб, стули остига ғишт тираб қўйган экан. Нафақат мактаб аҳволи, балки таълим сифати ҳам омонат эканлигини англатиш мақсадида “Омонат қўйилган ғишт” сарлавҳаси билан мақола чоп этилди.
- Сиз шикоятни ўрганиш учун борган ҳудуд раҳбарлари тайёргарлик кўриб қўйган, дейишади. Мисол учун, Навоий вилоятига боришингиз маълум бўлганда, мутасаддилар сизни аэропортда кутишган, сиз эса автобусда бориб, муаммоларни ўзингиз, раҳбарларсиз ўрганишга киришиб кетган экансиз.
- Шундай воқеалар ҳам бўлган. Юқорида айтганимдай, ҳар бир амалдор танқидни хаспўшлашга, камчиликларни яширишга уринади. Шундай экан, журналист бундай вазиятда ўз позициясини кўрсата олиши, ҳам одобини, журналист этикасини сақлаган ҳолда, шунингдек, мавжуд муаммони ҳам атрофлича, холис ўрганиб келиши лозим.
- Барча танқидий мақолаларингиз албатта, ижобий ҳал этилганми? Бирортаси эътиборсиз қолмаганми?
- Ҳал этилмай қолганларини эслолмайман. Барчасининг натижаси бўларди ва бу албатта, газетада эълон қилинарди.
- Нафақат танқидий мақолалар, балки инсон ҳаёти, фаолияти, кечинмалари билан боғлиқ мақолаларингиз ҳам анчагина шов-шув бўлганини эслаймиз. Дейлик, ўз жонига қасд қилаётган аёлларни кўпчилик жамиятга нисбатан исён деб бонг урган бир пайтда сиз бу масалага умуман бошқача нуқтаи назардан ёндашиб, мақола ёзгандингиз.
- Ўз жонига қасд қилиш жамиятга нисбатан исён эмас, ожизлик, деб тушунганман. Ҳозир ҳам бу борада фикрим ўзгармаган. Исён ўз жонига қасд қилиш эмас, ўз овозини, борлигини билдириш, курашиш, интилишдир, асло ҳаётига нуқта қўйишга ҳаракат эмас. Бунга қарама-қарши ўлароқ имконияти чекланган бўлишига қарамай, яшаш учун курашаётган, оёғида сурат чизаётган, қўлсиз бўлса-да, тикиш қилаётган, оёқсиз бўлса-да, турли-туман буюмлар ясаб, гўзаллик яратаётган инсонларни, ўзим суҳбатлашган қаҳрамонларни мисол сифатида келтирганман. Мақолага нисбатан кўплаб муносабатлар билдирилди. Кўпчилик мақола орқали ҳаётга бошқача назар билан қарашни ўрганганини айтган бўлса, улар орасида нега аёл киши бўла туриб, уларни тушуниш ўрнига қоралаганимдан норозилик билдирганлар ҳам бўлган. Юзлаб мактуб олганман шу мақоладан кейин.
- Бир мақолангиздан сўнг сизга суиқасд уюштиришгани ҳам ростми?
- Рост, лекин бу ҳақда гаплашмаганимиз маъқул.
- Уйингизгача боришгани, машинада уриб кетишга уринишгани ва шундан сўнг ҳаётингиз хавф остида қолгани туфайли анча пайт ишга чиқмагансиз, билишимизча. Нега орадан ўнлаб йиллар ўтса-да, бу ҳақда гапиришни истамаяпсиз?
- Бу жуда жиддий танқидий мақола эди. Мақола эълон қилингач, ҳатто республика миқёсидаги раҳбарлар ҳам бу масалага аралашишган эди. Мақоладаги фактларни уларга исботлаб берганимдан сўнг бир неча кишига қамоқ жазоси берилган эди. Тўғри, баъзи уринишлар бўлганидан сўнг таҳририят мени ҳимоя қилиш учун бир муддат ишга чиқмаслигимни таъминлади, кейинчалик эса шикоят ўрганишга камроқ жўнатадиган бўлишди.
- Бугунги журналистиканинг қайси жиҳати сизга унчалик ёқмайди, қайси томони маъқул?
- Тезкорлик ошгани, ҳар бир воқеа-ҳодиса ўз вақтида бериб борилаётгани технологиялар билан боғлиқ бўлса-да, аммо журналистиканинг ҳам ютуғи. У ўз-ўзидан журналистларни ҳам тезкор ишлашга ўргатди. Аммо таҳлил, у ёки бу воқеага нисбатан чуқур ёндашувли мақолалар барибир камроқ. Жиддий сиёсий таҳлиллар, журналистиканинг қатор жанрлари йўқолиб кетаёзгани афсусланарли.
- Суҳбатингиз учун раҳмат.
***
P/S. Шу пайтга қадар Гулчеҳра Алибоева ҳеч қайси нашрга интервью бермагани рост. Негалигини сўрганимда елка қисиб қўя қолдилар. Бу одмилик ортида ўзини кўз-кўз қилмасликка интилиш, ёзган мақолалари ўз вақтида кимгадир ёрдами теккан, шунинг ўзи билан таскин топган матонатли журналист қиёфасини кўриш мумкин. Гулчеҳра опа “Туркистон” газетасидан сўнг “Халқ сўзи” газетасининг вилоят бўйича мухбири, кейинчалик Самарқандда нашр этилган “Регистон” газетасининг муҳаррири вазифасида узоқ йиллар фаолият кўрсатди.
Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.