Сунъий интеллект – тафаккур тақлиди

Бугунги кунда сунъий интеллект инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Ундан дастлаб фақат илмий соҳаларда фойдаланилган бўлса, ҳозирда кундалик турмушимизда ҳам кенг қўлланилмоқда.

Сунъий интеллект деганда компьютер ёки дастурий тизимнинг инсон тафаккурини, ўрганиш ва қарор қабул қилиш қобилиятини тақлид қилиши тушунилади.

Бугун ҳар биримиз интернет орқали сунъий интеллект билан бевосита мулоқотдамиз. Масалан, “Google” ёки “ChatGPT” каби тизимлар инсон сўровини таҳлил қилиб, керакли жавобни беради. Онлайн дўконлар харидор одатларига қараб маҳсулот тавсия қилади, тиббиётда эса сунъий интеллект касалликларни эрта аниқлашда шифокорларга ёрдам бермоқда.

Таълим соҳасида ҳам сунъий интеллектнинг ўрни тобора кенгаймоқда. Масофавий дарслар, тест тизимлари ва ўқувчиларнинг индивидуал ривожланишини кузатиш дастурлари – буларнинг барчаси сунъий интеллект асосида ишлайди. Бу эса ўқитувчига ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашиш имконини яратади.

Шунингдек, ишлаб чиқариш, транспорт, банк тизими, ҳатто қишлоқ хўжалигида ҳам сунъий интеллект самарадорликни оширмоқда. Масалан, автоматик бошқарув тизимлари, ақлли транспорт йўналишлари ва иқтисодий таҳлил дастурлари инсон меҳнатини енгиллаштирмоқда.

Сунъий интеллект инсон ҳаётини қулай, тез ва самарали қилмоқда. У бизга вақтни тежаш, тўғри қарорлар қабул қилиш ҳамда турмуш сифатини яхшилаш имконини беради. Энг асосийси, сунъий интеллект инсон ақлини тўлдиради, аммо уни алмаштира олмайди. Шу боис, уни фақат оқилона ва фойдали йўналишда қўллаш лозим.

Эргашжон Маматов,

Каттақўрғон хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми ахборот технологиялари кафедраси мудири.