Сунъий интеллект хавфми ёки наф?

Инсоният ушбу технологияга қандай муносабатда бўлиш масаласи билан яшамоқда. Бу ҳолатни оддий бир мисол орқали тушунтириш мумкин: пичоқ ҳунарманд қўлида меҳнат қуроли бўлса, жиноятчи қўлида қотиллик воситасига айланади.

Худди шунингдек, сунъий интеллект ҳам ундан қандай фойдаланишга боғлиқ. Бир фикрга кўра, сунъий интеллект — “яхши хизматкор, аммо ёмон хўжайин”. Агар инсон ундан фойдаланишни билса, у имкониятга айланади, акс ҳолда эса хавф туғдиради. Шу маънода, бугун инсоният сунъий интеллектдан фойдаланиш ёки ундан воз кечиш танлови билан яшамоқда. Ҳозирги кунда сунъий интеллект деярли барча фаолият турларида қўлланилмоқда. Бу ишларнинг енгиллашишига олиб келаётган бўлса-да, айрим соҳаларда иш ўринларининг қисқаришига ҳам сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, сунъий интеллект ҳуқуқшунослик соҳасига ҳам жадал кириб келиб, бу йўналишда тобора ривожланиб бормоқда. Бунинг асосий сабаби ҳужжатлар билан боғлиқ “қоғозбозлик”нинг қисқаришидир. Масалан, илгари бир ҳужжат олиш учун узоқ навбатларда туришга тўғри келган бўлса, бугунги кунда уйдан чиқмасдан туриб ҳам керакли ҳужжатларни олиш мумкин. Жумладан, доимий яшаш манзилини расмийлаштириш учун my.gov.uz платформаси орқали бир неча дақиқа ичида ариза топшириш имконияти мавжуд. Бу ҳуқуқшунослик соҳасида сунъий интеллектнинг ўрни нақадар муҳим эканини кўрсатади. Аслида, бу ҳолат нафақат ҳуқуқшуносликда, балки барча ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Шу билан бирга, танганинг икки томони бўлгани каби, сунъий интеллектнинг ҳам ижобий ва салбий жиҳатлари мавжуд. Унинг энг салбий томонларидан бири — иш ўринларининг кескин қисқаришидир. Бу ҳолат деярли ҳеч бир мамлакатни четлаб ўтаётгани йўқ. Натижада кишилар олдида икки танлов пайдо бўлмоқда: ўз соҳасида профессионал бўлиш ёки янги касб ўрганиш.

Яна бир салбий жиҳат кибержиноятчиликнинг ортиб боришидир. Бугунги кунда сунъий интеллект ёрдамида ҳақиқийга ўхшаш сохта расмлар ва видеолар тайёрланиб, одамлар алдов йўли билан тузоққа туширилмоқда. Кибержиноятчилар сунъий интеллект технологиялари орқали яқинларимизнинг тасвирларини сохталаштириб, шахсий маълумотларимизни ҳийла билан қўлга киритмоқда.

Шу сабабли кибержиноятчилик билан боғлиқ жиноятлар сонининг кескин ортиши муносабати билан давлатимиз томонидан ушбу соҳанинг олдини олиш ва сунъий интеллект технологияларини тартибли ривожлантириш мақсадида қатор қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, “Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси” (ПҚ-358-сон) ҳамда “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтириш тўғрисида”ги ПҚ-153-сон қарори шулар жумласидандир.

Шундай экан, сунъий интеллектдан қандай ва қай мақсадда фойдаланиш ўз қўлимизда. Ундан оқилона фойдаланиш ва бу соҳадаги жиноятларнинг олдини олишга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Энг муҳими, сунъий интеллектни фақат хавф сифатида эмас, балки жамият тараққиётига хизмат қилувчи имконият сифатида баҳолашимиз керак. Инсон ҳаёти доимо танловдан иборат: яхшиликни танлаш ёки ёмонликка йўл қўйиш. Бугунги замон эса биздан ҳамнафас бўлишни ва замон талабига мос яшашни талаб этмоқда.

Беҳруз Баҳронов,

Тошкент давлат юридик университети талабаси.