Сув сотиб, репетиторга пул топаётган ўқувчи

Ишхонамиз ёнида анча пайтдан буён бир мактаб ўқувчиси газли сув сотади. У ёш бўлишига қарамай, оиласи бюджетига фойда келтиряпти, асосийси, мустақил ҳаётга қадам қўйган.

Сарвар Тоштемиров Самарқанд шаҳридаги Кўксарой маҳалласида туғилган, 10-синф ўқувчиси.

- Отам мактабда ўқитувчи, онам эса тикувчилик билан шуғулланади, - дейди Сарвар. – Отамдан газли сув тайёрлайдиган ускуна олиб беришларини ва мен ҳам пул топишни ўрганишни айтгандим. Отам таклифимни маъқулладилар ва  маҳалла марказида қиёмли газли сув сотишни йўлга қўйдик. Унинг таркиби новвотдан тайёрланган қиём ва газланган сувдан иборат. Айтишларича, табиий газланган минерал сув зарарсиз ва чанқоқни жуда яхши қондиради, новвот эса танадаги совуқликларни чиқариб ташлайди, йўтал ҳамда шамоллашни йўқотар экан. Қиёмли газланган сувнинг бошқа ичимликлардан фарқи ҳам шунда аслида.

Сув сотишни март ойидан бошладим. Савдо одатда октябргача, кунлар илиқ бўлса, ноябргача ҳам давом этади. Дарсдан бўш вақтимда, ёзги таътил даврида шу иш билан шуғулланаман, ҳафтада икки кун инглиз тили курсига ҳам қатнайман. Ишлаган пулимнинг асосий қисмини репетиторга бераман, ортгани рўзғорга кетади. Айни кунларда одам кўп ва газли сув тайёрлашга кетадиган харажатлардан ташқари, кунига 150 минг сўмгача пул топяпман.

Хўш, сизнинг мактабда ўқиётган фарзандингиз ҳозир нима билан машғул?

Сарвардан унинг тенгдошлари, отасидан эса барча ота-оналар ўрнак олса арзийди. Чунки ота фарзандининг қизиқишларини қўллаб-қувватлади, унга ишонч билдирди ва бу ўз самарасини бермоқда. Шу ўринда яна бир мисол келтирсак: Ҳиндистонлик Сундар Пичай исмли йигит AҚШнинг Стенфорд университетида ўқиш учун грант ютади. Бироқ Ҳиндистондан у ерга учиб боришга маблағи бўлмайди. Шунда отаси ўзининг қарийб бир йиллик маошига тенг пулга унга чипта олиб беради. Йигит умрида биринчи марта самолётга чиқиб, AҚШга учиб кетади. 2015 йилда Сундар Пичай жаҳоннинг энг бой компанияларидан бири - Google ширкатининг бош директори этиб тайинланади. 2019 йилда унинг йиллик маоши 281 миллион долларга тенг бўлган. Отанинг бир пайтлар фарзандининг келажаги учун кўрсатган жасорати унинг ҳаётида тамал тоши бўлди ва ўз мевасини берди.

Шунинг учун энг яхши сармоя, бу - фарзанд келажаги учун тикилган сармоядир.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.