Сувни исроф қилган фермердан ер олиб қўйилади(ми?)
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Каттақўрғон тумани бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ер ва сувдан самарали фойдаланиш бўйича мониторинг-таҳлиллар ўтказилмоқда.
Тадбирларда қишлоқ хўжалиги корхоналари ходимлари, фермерлар томонидан амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши таҳлил қилиниб, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Аммо олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот тадбирларига қарамасдан, ер ва сув ресурсларидан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Хусусан, тумандаги “Файзикент файзли даласи”, “Муродулло Эрдонов”, “Ғаниев Абдуманнон”, “Мелихўжа унумдор даласи” сингари ўнлаб фермер хўжаликлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни исроф қилиш ҳолатлари аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатларини содир этган фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди.
Шунингдек, тумандаги “Султон Билол агро” ҳамда “Осмонсой баракали далалари” фермер хўжаликлари томонидан туман ҳокими қарори билан мақсадли фойдаланиш белгиланган ер ресурсларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиб келинганлиги аниқланди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан ушбу фермер хўжаликларига ажратилган ер майдонларини туман захирасига олиши юзасидан туман ҳокимига тегишли тартибда тақдимнома киритилди.
Нурали НОМОЗОВ,
инспекциянинг Каттақўрғон туман бўлими бошлиғи.