Тадбиркор ташаббуси билан қурилган мактаб биноси. Бу ерда қандай шароитлар яратилган?

Янги ўқув йили арафасида Самарқанд шаҳридаги 52-умумтаълим мактабининг 540 ўринли қўшимча ўқув биноси фойдаланишга топширилганди. Эътиборлиси, бино тадбиркор ҳомийлигида бунёд этилган.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўтказилган пресс-турда ОАВ вакиллари шу мактабда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
- Муассасамизнинг 960 ўринли эски биноси 1965 йилда қурилган бўлиб, таъмирталаб ҳолатга келиб қолганди, - дейди мактаб директори Феруза Нажмиддинова. - Шу билан бирга, ўқувчилар сони кўпайгани учун хоналар етишмасди, мактабда спорт майдончаси йўқ эди. Бир куни шу мактабнинг собиқ ўқувчиларидан бири, саховатпеша тадбиркор Илҳом Рустамов "Бу мактаб мен учун оддий ўқув маскани эмас, балки катта ҳаётга тайёрлаган муқаддас даргоҳ. Эришган муваффақиятларимда айнан шу мактабнинг ҳиссаси катта. Шунинг учун эски мактаб биносини таъмирлаб, янги ўқув биноси қуриб бермоқчиман", деб таклиф билдирди. Рости, бу ташаббусдан бошимиз осмонга етди ва жамоамиз, маҳалла аҳли билан бу таклифни қўллаб-қувватладик.
Қисқа фурсатда таълим маскани учун 4 қаватли 540 ўринли замонавий бино барпо этилди. Бу ердаги синфхоналарда ўқувчилар турли фанларни, хусусан, ахборот технологиялари ва чет тилларини ўрганишлари учун зарур шароитлар яратилган. Касб-ҳунарга ўқитиш маркази, кутубхона ва ошхона ҳам ташкил этилди. Шунингдек, тадбиркор мактабнинг 960 ўринли эски биносини ҳам мукаммал таъмирлаб, учта спорт майдончаси қурилишига ҳомийлик қилди.
Тадбиркор Илҳом Рустамов бундан аввал ҳам Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Иштихон туманларида ўз ҳисобидан мактаблар қуриб берган. Ана шу хизматлари ва юртимиз иқтисодий тараққиётига қўшаётган ҳиссаси учун у “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Маълумотларга кўра, кейинги икки йилда вилоятимизда юздан зиёд таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Шу жумладан, 10 га яқин муассасани барпо этиш ва реконструкция қилишда тадбиркорлар бевосита ҳомийлик қилган. Жорий йилги “Ташаббусли бюджет” дастурининг 1-мавсумида вилоятдаги 51 та таълим объектида қурилиш, таъмирлаш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш учун 74 миллиард сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Барча лойиҳалар аҳолининг овоз бериши асосида саралаб олинган.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.