“Тадбиркорлар виртуал офиси” ишбилармонларнинг муаммоларини ҳал этишга хизмат қилмоқда
Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қилиш ва ҳал этиш бўйича таклифларни шакллантириш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тадбиркорларнинг жамоавий мурожаатларини қабул қилиш мақсадида “Тадбиркорлар виртуал офиси” ахборот портали фаолияти йўлга қўйилган.
2024 йилда мазкур ахборот порталига Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлардан 901 та масала юзасидан 803 та мурожаат келиб тушган. Мазмунига кўра, мурожаатларнинг 18 фоизи банк ва кредит, 13 фоизи солиқ, 7 фоизи ер ва кадастр, 7 фоизи инфратузилма масалаларига оид бўлди. Мурожаатларнинг 18 фоизи Самарқанд шаҳридан, 10 фоизи Ургут туманидан, 8 фоиздан Пайариқ ва Паст Дарғом туманларидан, 7,5 фоиздан Иштихон ва Пахтачи туманларидан, 7 фоизи Каттақўрғон туманидан келиб тушган.
Келиб тушган мурожаатлар асосида тадбиркорларга 4,9 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратилишида, 867,4 миллион сўм пул маблағлари ундирилишида, 2,8 миллиард сўм солиқ суммалари ҳисобдан чиқарилишида, 562 миллион сўм ноқонуний ҳисобланган жарима ва бошқа таъсир чоралари бекор қилинишида ёрдам кўрсатилган.
“Тадбиркорлар виртуал офиси” ахборот портали орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддати устидан Бизнес-омбудсман томонидан доимий назорат ўрнатилган бўлиб, ўтган йил масъул идора ва ташкилотлар томонидан 39 та мурожаатни кўриб чиқишда белгиланган муддатларга риоя қилинмаганлиги аниқланди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатига риоя қилмаганлиги боис 23 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан эса интизомий жазо чоралари кўрилиши таъминланди.
Тадбиркорлар фаолиятида муаммо ёки таклифлар бўлса, business.gov.uz сайти ёки 1100 қисқа рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Аброржон Ибрагимов,
Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоят шуъбаси етакчи инспектори.