Тадбиркорлик ривожида саноат ярмаркаларининг ўрни қандай?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан 2021 йилда Жомбой туманида доимий асосда фаолият юритадиган “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазмалар маркази соҳалар кесимида маҳсулотлар намойишини бошлади.

Кўргазмалар мажмуасидаги тадбирлар жаҳонда бўладиган кўргазмалар жадваллари билан мувофиқлаштирилиб, халқаро кўргазмалар жадваллари ҳам маҳаллий, ҳам хорижий иштирокчиларга қулай пайтларда йил бошланишидан олдин эълон қилиниб келинмоқда. Ҳар йили тахминан бир пайтда бўлиши иштирокчилар учун қулайликлар яратмоқда.

Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари кесимида ихтисослашган халқаро кўргазмалар билан бирга 2023 йилдан халқаро саноат ярмаркалари ва кооперация биржаси ташкил этилиб, унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари намойишини ташкил этиб, ўзаро манфаатли шартномалар имзолаб келишган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 майдаги “2023 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ҳудуд ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда саноат ярмаркалари ва 12-15 декабрь кунлари республика саноат ярмаркаси ташкил этиш белгилаб берилди.

Ушбу қарор билан Самарқанд вилояти ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасини ўтказиш жорий йилнинг 30-31 май кунларига белгиланган бўлиб, “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазмалар маркази бўладиган тадбир туризм, гастрономик туризм, озиқ-овқат саноати, мебелсозлик ва электротехника саноати ҳамда гилам ишлаб чиқариш соҳалари маҳсулотлари намойишига ихтисослашган. Кўргазмада ўзаро манфаатли шартномалар тузилиши ва келишувларга эришилиши режалаштирилган.

Келинг, энди мақола сарлавҳасида қўйилган саволга жавоб топайлик. Тадбиркорликни ривожлантириш учун саноат ярмаркаларининг афзалликлари нимада?

Саноат ярмаркалари ўзининг серқирралиги билан ажралиб туради ва, албатта, жараённинг ҳар бир иштирокчиси учун бир қатор афзалликларга эга.

Ўз маҳсулотлари билан иштирок этадиган корхоналар учун афзалликлар:

- маҳсулот намуналари, улар ҳақидаги ахборотлар ва тақдимотлар орқали реклама қилиш, маҳсулотларни бозорга танитишни кенгайтириш;

- ўз маҳсулотига бўлган талабни ўрганиш, унга бозор иштирокчиларининг муносабатини ўрганиш, сўровномалар ташкил этиш;

- рақобатчи корхоналар маҳсулотлари афзалликларини ва ўз маҳсулотларининг камчиликларини ўрганиш;

- маҳсулот сотиш бўйича музокаралар ўтказиш, шартномалар тузиш, харидорлар доирасини кенгайтириш.

Кўргазма экспонатлари билан танишиш учун келадиган тадбиркорлар учун афзалликлар:

- тадбиркорлар ўз маҳсулотлари солиштирма таҳлилини қилиш имконига эга бўладилар, янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ғояларини оладилар;

- ёшлар тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имкониятларини чамалайдилар, тадбиркорлик ғояларини яратадилар, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида билимга эга бўладилар.

Ҳудудларга саноат лойиҳаларини ташаббус қилиш, инвестициялар жалб этиш учун масъул давлат хизматчилари учун:

- ўз ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантириш имкониятларини кўради;

- кўргазма экспонатлари билан танишиш учун келган тадбиркорларга саноат лойиҳалари амалга ошириш йўл-йўриқлари кўрсатилади;

- ҳоким ёрдамчилари катта ва кичик лойиҳалар қилиш имкониятлари, лойиҳа таклифларини олиб, ўз ҳудудларини ривожлантириш режаларини қилиш имкониятларига эга бўлади.

Олий ва касб таълими муассасалари учун афзалликлар:

- кўргазмадаги иштирокчи корхоналар билан кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакаларини ошириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш, меморандумлар тузиш;

- иқтисод йўналишида билим олаётган талабалар ҳудудлардаги саноат лойиҳалари билан танишадилар, иқтисодиёт билан бевосита ишлаётганлар билан мулоқот қиладилар.

Хорижий иштирокчилар учун афзалликлар:

- маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар салоҳияти билан танишиш имконига эга бўлишади;

- ҳар бир ишлаб чиқарувчи билан юзма-юз кўришиб, музокаралар ўтказиш имконияти яратилади;

- янги алоқалар, янги ғоялар ҳамда янги лойиҳалар ташаббус қилиш шароитларидан фойдаланади.

Шундай қилиб, кўргазмалар ва саноат ярмаркалари тадбиркорликни ривожлантиришга, тадбиркорлар ўртасида ўзаро манфаатли шартномалар тузиш ва келишувларга эришишга шароит яратади.

Нозир Ибрагимов,

вилоят ҳокимининг маҳаллий саноат ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси, иқтисод фанлари доктори.