Она ва бола саломатлиги учун энг замонавий шароитлар
Самарқанд шаҳрида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
2023 йилда Президент қарори билан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил қилинган эди. Жумладан, Самарқандда она ва бола скрининги, репродуктив саломатлик ва ёрдамчи репродуктив технологиялар бўлими иш бошлади. Ушбу бўлимларнинг фаолияти учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида инвестиция дастури асосида 12,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, тўрт каватли бино қурилди.
-Ушбу бинода оналар саломатлиги, соғлом фарзанд кўриши учун халқаро стандартларни ўзида мужассам этган замонавий шароитлар яратилди, - дейди Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали раҳбари Лола Ҳамроева. – 250 қатновга мўлжалланган аёллар консультатив маслаҳатхонаси, она ва бола скрининги, перинатал скрининг, репродуктив саломатлик, бўлажак оналар мактаби каби бўлимларда фақат аёллар эмас, қизларни ҳам ўз вақтида текширувдан ўтказиш, уларда мавжуд хасталикларни даволаш имконияти мавжуд.
Шунингдек, она ва бола скрининги бўлимида биокимёвий перинатал скрининг натижасида юқори хавф гуруҳи аниқланган ҳомиладорларда хромасом аномалиялар (Даун, Эдверс, Патау тёрнер синдромлари) мавжудлигини аниқлаш учун амниосинтез амалиёти ўтказиш йўлга қўйилди. Айтиш керакки, бу амалиёт вилоятда илк бор ўтказилиб, шу пайтгача аниқланмаган кўплаб ногиронликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Филиалда туркиялик тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда ЭКО марказ ҳам ташкил этилиб, узоқ йиллардан бери фарзанд кўролмаётган оилалар учун имконият яратилди. Эътиборли томони, ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қирқ нафарига ушбу амалиётни бепул ўтказиш режалаштирилган.
Бино очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Тўхтаев, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Ж.Ризаев, Туркиянинг Самарқанддаги Бош консули Сердар Дениз сўзга чиқиб, ушбу муассасанинг аҳоли саломатлигини асрашдаги аҳамиятини эътироф этдилар.
Гулруҳ Мўминова,
Бахтиёр Мустанов.