Таҳририятда замонавий медиа марказ иш бошлади
Вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти ҳамда Zarnews.uz веб-сайти қошида медиа марказ очилди.
Марказ замонавий медиа ускуналари, юқори сифатли аудио ва видеоёзув воситалари билан жиҳозланган бўлиб, нафақат босма нашрлар, балки рақамли платформалар учун ҳам сифатли контент яратиш имконини беради. Энди таҳририят ходимлари интервью, подкаст, видеорепортаж ва турли медиа лойиҳаларни шу ернинг ўзида тайёрлай олади.

Вилоятдаги таниқли журналист ва блогерлар, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ушбу медиа марказ фаолияти билан танишар экан, ахборотни тезкор, холис ва замонавий форматларда етказишда муҳим ўрин тутишини таъкидладилар.
- Бугунги кунда ахборот майдонида рақобат жуда кучли, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибият мудири Саидаҳмад Усмонов. - Одамлар нафақат тезкор, балки кўп форматли, яъни матн, аудио ва видеони ўз ичига олган контентни кутади. Бир хабарни турли форматда тақдим этиш орқали унинг таъсирчанлиги ва қамрови бир неча баробарга ошади. Ушбу контент маркази ана шу имкониятларни амалда қўллаш учун жуда қулай платформа. Энг муҳими, бу ерда ёш журналистлар мультимедиа кўникмаларини ҳам ўрганиши мумкин.