Такрорий мурожаат: "Кўчамиз "аросат"да қолдими?"

2024 йил сентябрь ойида каналимизда "Мурожаат шаҳарликлардан, йўлга эса туман хизмат кўрсатади. Аммо икки ҳокимликдан ҳам мурожаатга жавоб йўқ", сарлавҳали танқидий мақола эълон қилган эдик.
Унда Самарқанд шаҳридаги Дукчиён, Хаймариболо, Бекхо ва Кўл маҳаллалари раислари мурожаат қилиб, Самарқанд тумани ва Самарқанд шаҳри оралиғидаги йўлни таъмирлаш масаласида ёрдам сўрашган эди. Бугун ҳам айнан ушбу маҳаллалар раислари ҳамда фаоллар таҳририятимизга мурожаат қилди.
Унда шундай дейилади: "Самарқанд туманидаги катта йўлнинг Сартепа массивига туташтирувчи 1 километрлик магистраль йўл тўрт-беш йилдан буён таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бу эса юзлаб маҳалладошларимизга ноқулайлик туғдиряпти. Оқсоқоллар, маҳаллаларимизнинг фаоллари бир неча маротаба Самарқанд тумани ҳокимлигига мурожаат қилди. Афсуски, ободонлаштириш ва йўл таъмири ва қурилишига масъул раҳбарлар "Маблағ йўқ", дейишдан чарчамаяпти.
Ваҳоланки биринчи бор Сизларга мурожаат билан чиққанимизда вилоят автомобиль йўллари бошқармаси ушбу бошқарма балансидаги маҳаллий аҳамиятга эга 4 километрлик бу йўлга Самарқанд тумани йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан хизмат кўрсатилишини таъкидлаб шундай жавоб берганди:
“Бугунги кунда ушбу автомобиль йўлини таъмирлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланаётганлигини ва асфальтлаш ишлари 2024 йилда қўшимча маблағлар ҳисобидан Самарқанд туман йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси томонидан жорий йилнинг октябрь ойида амалга оширилишини маълум қиламиз”. Афсуски, берилган бу ваъдага 7 ой бўлди. Бироқ айрим-айрим жойларни ямоқдек таъмирлаганини айтмасак, ҳамон натижа йўқ".
Хўш, бу ҳолатга қандай изоҳ бериш мумкин? Вилоят автомобиль йўллари бошқармаси нега 2024 йилнинг октябрь ойида бу йўл таъмирланишини маълум қилди-ю, шу вақтгача бу ишни амалга оширмади? Хўп, маблағ йўқ экан, нега ўша пайтнинг ўзида бу масалани ўртага ташламади? Мақсад нима эди - мурожаатни ваъда билан ёпишмиди?
Биз мазкур ҳолат бўйича мутасаддилардан аниқ жавоб кутамиз.