“Таълим ва касб” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди
Самарқанд шаҳридаги Туризм академиясида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “MY FAIR” МЧЖ ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Таълим ва касб” халқаро кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмада 60 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари ўз имкониятларини намойиш этди. Жумладан, Россия, АҚШ, Туркия, Польша ва Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли университетлари қатнашиб, ўқувчи-ёшлар ҳамда абитуриентларга таълим дастурлари, қабул шартлари ва халқаро грант имкониятлари ҳақида маълумотлар тақдим этишди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ҳ.Тўхтаев ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Р.Йўлдошев иштирок этиб, хорижий таълим муассасалари вакиллари билан мулоқот қилди. Суҳбатлар давомида талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим сифати, таълим гарантлари ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича суҳбатлашди.
Кўргазма ёшларга касб танлашда муҳим йўл-йўриқ кўрсатиб, хорижий таълим имкониятлари билан яқиндан танишиш ҳамда университетлар вакиллари билан мулоқот қилиш имконини берди.