Тарих синоатлари: Шарқ савдосининг сирли элчилари

Буюк Ипак йўлининг кашф этилиши инсоният ҳаётида катта бурилишларга олиб келганлигини дунё олимлари аллақачонлар исботлаганлар ва бу йўлнинг аҳамияти ҳақида кўплаб тадқиқотлар олиб борилгандир.
Суғдларнинг Буюк Ипак йўлига қўшган ҳиссаларини баҳолашда яна бир ўлчов борки, бу ҳақида ҳам алоҳида тўхталмоқни лозим топдик. Бу суғд тили ва ёзувидир.
Суғд тилининг Буюк Ипак йўлидаги тарихий аҳамияти ҳақида жуда кўп ёзилган. Суғдларнинг бу савдо карвон йўлида тутган муҳим ўрнини суғд тилида ёзилган қўлёзма ва битикларнинг дунёнинг турли томонларидан топилиши ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Суғд тилида ёзилган ҳужжат, хат ва бошқа турдаги битиклар Япония, Хитой, Корея, Вьетнам, Мўғулистон, Қирғизистон, Россия, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон ва Покистондан топилган. Сўнгги йилларда бу топилмаларнинг сони кўпаймоқда. Қадимги Суғдиёнанинг асосий ҳудудини ўз ичига олган Ўзбекистонда ҳам суғд ёзувлари ёзилган тангалар, буллалар, кулолчилик идишларининг сони йилдан йилга ошиб бормоқда.
Ўзбекистондан анча узоқда жойлашган Японияда ҳам суғдлар билан қадимда бўлган алоқалардан хабар берувчи муҳим ашёлар сақланган. Нара шаҳридаги Хорюжи ибодатхонасида сандал ёғочига ёзилган суғд ёзуви бор. Бу ноёб ёзув ҳозирда Токио давлат музейида сақланади. Бундан ташқари, Нарадаги Тодаижи ибодатхонасининг Шосоин хазинасида императорга қилинган совға-саломлар сақланади. Бу буюмлар орасида қадимда Суғддан олиб келиниб императорга тортиқ қилинган ноёб совғалар ҳам бор.
Қадимги Силла давлатининг пойтахти ҳисобланган Кёнчжу шаҳрида жойлашган император Хеунгдеокка тегишли мақбара атрофида Суғдлар тасвирланган тош ҳайкаллар топилган. Бу топилмалар, Кореяга суғд савдогарлари борганликлари ва кореяликлар суғдлар ҳақида ўз тасаввурларига эга бўлганликларидан далолат беради.
Ҳозирги Корея ҳудудида дунёга келган ва Танг империяси пойтахти Чанъанда буддавийлик ибодатхонасида монах бўлиб хизмат қилган Хечо Буюк Ипак йўлини тарихи, географиясини ўрганишда катта ҳисса қўшган. Хечо Ҳиндистонга зиёрат сафарига йўл олади ва йўли устида кўрган-кечирганларини батафсил ёзиб боради. Бу кундаликда ўша даврдаги халқларнинг урф-одатлари, турмуш тарзлари, диний қарашлари ҳақида муҳим маълумотлар жамланган.
Бу ноёб қўлёзма ХХ асрнинг бошларида француз олими Пол Пельо томонидан Дунхуан шаҳридаги Могао ғоридан топилган. Шу тариқа монах Хечонинг ноёб кундалиги инсониятга етиб келади. Хитой ва Суғд алоқалари тўғрисида, бу ердан топилган суғд битиклари ҳақида жуда кўп ёзилган. Хитой тарихий йилномаларида Суғд ҳақида жуда ноёб маълумотлар сақланган. Айниқса, 1907 йили инглиз олими Аурел Стейн бошчилигидаги экспедиция томонидан Дунхуан шаҳрининг ғарбий қисмидан топилган суғд хатлари катта аҳамиятга эгадир. Бу хатлар Дунхуан ва Жинченгдаги суғд колонияларидаги суғдлар томонидан Самарқандга жўнатилган хатлардир. Хатлар хитой қоғозига ёзилган бўлиб, айримлари ипак газламаси билан ўралган. Бу ипак қолдиқлари қадимий ипак намуналаридан ҳисобланади. Хатлардаги маълумотлар суғд савдо колонияларида яшаган муҳожирларнинг ҳаёти, ўша даврларда содир бўлган воқеалар ҳақида муҳим хабарлар беради. Хатларнинг бирида Хитой пойтахти ҳисобланган Луоянг ва Еҳ шаҳарларининг хуннлар томонидан истило қилинганлиги, натижада императорнинг пойтахтни ташлаб чиқишга мажбур бўлганлиги ёзилган.
Олимлар бу воқеа милодий 311 йили содир бўлганлигини аниқлаганлар. Хитойнинг Уйғур автоном вилоятидан ҳам муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган суғд ёзувлари топилган. Бу суғд ёзувлари асосан Турфан шаҳридаги ёдгорликлардан топилган бўлиб уларнинг асосий қисмини христианлик, монийлик ва буддавийлик динларига мансуб бўлган диний матнлар ташкил этади. Бу ердан топилган суғд ҳужжатлари орасида диний матнлардан ташқари молиявий мазмунга эга бўлган ҳужжатлар ҳам учрайди. Турфан шаҳридаги Астана мозор-қурғонидан топилган суғд ҳужжатларидан бири “Қул сотиб олиш ҳақидаги шартнома” бўлиб чиқди. Бу ҳужжатда Самарқандлик савдогарнинг Хитой монахига аёл кишини қул сифатида сотганлиги айтилган. Бундан ташқари Турфаннинг Безиклик ёдгорлигидан суғд тилида ёзилган бир ҳужжат топилган эди. Бу хат монийлик динига эътиқод қилган бир гуруҳ диндорларнинг монийлик дини амалдорларидан бирига ёзган хати бўлиб чиқди. Бу хат ўша давр диний муҳитини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлди.
Мўғулистон ҳудудида ҳам кўплаб суғд ёзувлари сақланган. Улар асосан тошларга ёзилган суғд битикларидир. Бу тошлардан бири – Турк ҳоқонлиги даврида, иккинчиси эса Уйғур ҳоқонлиги даврида битилгандир. Ҳозирги Мўғулистон ҳудудидан топилган суғд ёзувларидан бири Бугут битигидир. Тошга ёзилган бу суғд ёзувлари Турк ҳоқонлиги ва Ашина ҳоқонлари тўғрисида қимматли маълумотлар беради. Мўғулистондан топилган яна бир суғд битиги бу Қораболғасун битиги бўлиб, унда Уйғур ҳоқонлигининг еттинчи ҳоқони, яъни Билга ҳоқоннинг ҳарбий зафарлари ҳақида маълумотлар беради. Бу битик уч тилда: суғд, уйғур ва хитой тилларида ёзилган.
Турк ва уйғур ҳоқонлари ўзлари учун ўта муҳим бўлган тошбитикларни суғд тилида ёзиб қолдирганликлари бу тилнинг халқаро тил сифатида мавқие баланд бўлганлигини кўрсатади. Суғд ёзувларидан кейинчалик уйғур ёзуви пайдо бўлганлигини, уйғур ёзувидан эса ўз навбатида мўғул ҳамда манчжур ёзувларини келиб чиққанлигини инобатга оладиган бўлсак, суғд тили ва ёзуви кўпгина халқлар учун катта наф келтирганлигига яна бир карра амин бўламиз.
Қўшни Қозоғистон ҳудудидан топилаётган суғд ёзувларининг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу ёзувлар орасида Чимкент вилоятидаги Култюбе ёдгорлигидан топилган, хом ғиштнинг сиртига ёзилган суғд ёзувларининг аҳамияти каттадир. Бу ёзувларда Суғднинг йирик шаҳарлари: Самарқанд, Бухоро, Кеш ва Нахшабнинг номлари ҳам ёзилган. Бу номлари юқорида тилга олинган тўрт шаҳарнинг Қозоғистондаги шаҳарлар билан яқин алоқада бўлганлигини яққол кўрсатиб турибди.
Қирғизистон ҳудудидан ҳам суғд тилида ёзилган ноёб ҳужжатлар топилган. Суғд ёзувлари Чуй вилоятидаги Красная Речка ва Оқ бешим ёдгорликларидан топилган. Хитой билан Суғдни боғлаб турган Буюк Ипак йўлининг гавжум маршрути ҳозирги Қирғистон ҳудудидан ўтганлиги учун бу ерда қадимда кўплаб карвонсаройлар, карвонлар тўхтаб ўтадиган манзилгоҳлар бўлганлиги аниқ.
Шунингдек, Покистоннинг шимолий ҳудудида жойлашган Индус дарёси бўйидаги Чилас шаҳарчасидаги қоятошларда ҳам суғд ёзувлари сақланган. Бу ёзувларни ўқиган олимларнинг фикрларича, қоятошдаги ёзувлар одамларнинг исмлари бўлиб, бу ердан ўтган савдо карвонлари шу ерда тўхтаганлар ва савдогарлар тошларга ўз исмларини битиб кетганлар. Юқорида келтирилган маълумотлардан шу нарса англашиладики, суғд тили ва ёзувлари Буюк Ипак йўлида кенг миқёсда қўлланилган. Шу сабабли суғд ёзувлари савдо карвонлари етиб борган барча ҳудудларга тарқалган. Суғд тили Буюк Ипак йўлида халқаро мулоқот тили вазифасини бажарганлиги учун Шарқ ва Ғарбда яшайдиган кўпгина халқларнинг ўзаро мулоқотларини осонлаштирган.
Хитой-Суғд тарихий алоқалари ҳақида гапирганда бу алоқаларнинг бошида турган, Хитойга кўчиб бориб бу ерда савдо колонияларини барпо қилган, вафотидан сўнг шу ерга дафн этилган суғдлар ҳамда уларнинг қабрлари ҳақида ҳам тўхталмоқ лозимдир.
Ҳозирда Хитойнинг барча шаҳарларида кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шу сабабли қадимги шаҳарларнинг ҳудудлари тобора кенгайиб бормоқда. Бунинг натижасида бир пайтлар шаҳарларнинг чеккаларида барпо қилинган мақбаралар, манзилгоҳлар ва бошқа археологик ёдгорликлар топилмоқда. Шундай янги қурилишлар сабабли сўнгги йилларда топилган ёдгорликлар сирасига суғд савдогарларининг бир неча ўнлаб қабрлари ҳам киради.
Хитойнинг қадимги Жиаохе шаҳрининг ғарбидаги "Гоачанг" қабристонида 2004 йили Турфан маданий мерос бошқармаси томонидан олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида 33 та сағана очиб ўрганилган эди. Тадқиқотчилар бу сағаналарга Қан (Самарқанд)дан чиққан катта оила вакиллари дафн этилганлигини аниқлаганлар.
Қазишмалар пайтида Қан оиласига тегишли бўлган 33 сағанадан 150 дан ортиқ буюмлар қўлга киритилган бўлиб, буларнинг кўпчилиги сопол, қолганлари кумуш, олтин, жез, темир, ёғоч ва суякдан ясалган буюмлардир. Шунингдек, очилган сағаналардан уч дона сосонийларнинг кумуш тангалари ва иккита Шарқий Рим тангаларига тақлид қилиб ясалган олтин тангалар бор. Энг муҳими, бешта сағанадан квадрат шаклидаги сопол плиталарга ёзилган хитой ёзувлари топилган. Бу ёзувларнинг ўқилиши натижасида сағаналарни эрамизнинг 590-662 йилларига мансуб эканлиги, суғдлар Гаочандан ташқари қадимги Жиаохеда ҳам яшаганликлари аниқланди. Шунингдек, қабртош ёзувларида Қан оиласи вакиллари Хитойда катта обрўга эга бўлганликлари ҳам ёзилган.
Турфандан топилган ва ҳозирда яхши ўрганилган яна бир қабристон борки, у ҳақида ҳам алоҳида тўхталмоқ лозим. Чунки бу қабристон ҳам Хитойга бориб яшаб қолган суғдлар тақдири билан боғлиқ. Турфан маданий мерос маъмуриятининг 2004 йилги тадқиқотлари мобайнида "Бадаму" деган қабристондан 82 та сағана очилган эди. Ушбу қабристон Турфандан унча узоқ бўлмаган қадимги Гаочанг ёдгорлигидан 4 километр жанубда жойлашган. Бу ерда очилган сағаналар иккита тепаликда жойлашган бўлиб, биринчи тепаликда 60 та, иккинчи тепаликда эса 22 та сағана сақланган. Очиб ўрганилган барча сағаналарда Самарқанддан кўчиб борган суғд савдогарлари ҳамда уларнинг қариндош-уруғлари дафн этилган.
Бу қабристондаги дафн маросимлари ҳам жуда муҳим бўлиб, уларни ҳар томонлама ўрганиш Хитойда яшаб ўтган суғдларнинг дунёқарашлари ҳамда дафн маросимларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. "Бадаму" қабристонида очилган айрим сағаналардаги дафн маросимларига тўхталиб ўтомоқчимиз. Бу ерда очилган 209-сағанага бир аёл ва бир эркак киши дафн этилган. Эркак киши махсус ясалган супанинг устига, аёл киши эса супанинг пастига дафн этилган. Эркак кишининг жасади расмлар туширилган нафис ипак матога ўралган, аёл кишининг жасади эса канопдан тўқилган дағал матога ўралган.
2003 йили хитойлик археологлар Лобнор кўлининг шимоли-ғарбий қирғоғида, қадимги Лоуландан тахминан 20 километр шимолда янги қурилиш пайтида шикастланган бир сағана қолдиғини топган. Археологлар бу ерга келганларида сочилиб ётган инсон суяклари, тобут бўлаклари ва бўялган ипак матодан тикилган кийим парчаларини кўрганлар. Ипак матода инсон тасвири яққол кўриниб турарди. Бу ерда тадқиқотлар олиб борган археологлар сағананинг деворларида ҳам суратлар чизилганлигини аниқлаганлар. Суратда олти кишининг: уч эркак ва уч аёл чизилган бўлиб, улар зиёфат дастурхонида ўтирибдилар. Суратдаги персонажларнинг кийим-кечаклари, юз тасвирлари хитойликларникига ўхшамайди. Тадқиқотчиларнинг фикрларича, бу ерда Ғарбий ўлкадан, яъни Марказий Осиёдан Хитойга келган ажнабийлар тасвирланган. Эркаклар ва аёлларнинг эгниларидаги либосларнинг ранги, бичимлари ва тикилиши ўта ноёб бўлиб ўша давр хитой либосларидан мутлақо фарқ қилади.
Умуман олганда, қадимда турли туман юмушлар билан Хитойга бориб яшаб, сўнгра бу ерда вафот этгач, шу ерга дафн этилган юзлаб суғдликларнинг қабрларини, дафн маросимларини ўрганишга бағишланган китоблар ҳамда илмий мақолалар билан танишишдан шу нарса аён бўладики, бу борада ҳали хал қилиниши лозим бўлган кўпгина илмий муаммолар очиқ турибди.
Шоира Индиаминова,
Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти.