Тарихий мурожаат халқнинг фаровонлигига хизмат қилади
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ҳаракатлар стратегиясини ушбу йилда амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама этилиб, тасдиқланди. Муҳокама жараёнида берилган таклифлар салмоқли эканлиги юртдошларимизда мамлакат тақдири учун масъулият ошиб бораётганини кўрсатди. Хусусан, давлат бошқарувининг таркибий қисми бўлган назорат фаолиятида очиқликни таъминлаш, бу борада ОАВ билан ҳамкорликни кучайтириш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда қатъий мезонларга риоя этилувчи тизимни шакллантириш, жамоатчилик назорати салоҳиятини ошириш, маҳаллалардаги мулоқотлар мавзу доирасини кенгайтириш борасидаги таклифлар эътиборга молик.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган даврда янги фикр, янги ғоя ва инновацияга таянган давлат ютади.
Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борар экан, Президентимиз "Давлат хизмати тўғрисида"ги қонунни ишлаб чиқиш вақти келганини таъкидлади. Ислоҳотлар самарасини оширишда парламент, депутат ва сенаторлар алоҳида ўрин тутиши, лекин амалда уларда фаоллик ва ташаббускорлик етишмаётганлиги танқид қилинди.
Эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг алоҳида ўрни бор. Аммо аҳолининг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларни ҳал этиш, айниқса, ижтимоий шароити оғир аёлларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, уларни иш билан таъминлаш масалаларида бу ташкилотларнинг иштироки етарли даражада сезилмаяпти. Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш, "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги қонунни ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.
Мурожаатномада барча соҳани қамраб олган бу каби режа ва лойиҳалар баён қилинди. Уларнинг ижроси ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз тараққиётини, халқимиз фаровонлигини янги, янада юксак босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Шокир FАФФОРОВ,
Самарқанд давлат тиббиёт институти профессори,
тарих фанлари доктори.