Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари: Мардикорликка қарши қўзғолон нимадан келиб чиққанди?

(Давоми. Бошланиши)

Даминов Мухаммад 1897 йилда туғилган.

Яшаш манзили: 1916 йилда Каттақўрғон уезд Калқўрғон волости Қушбеги қишлоғи.

62 ёшда.

1916 йилда Калқўрғон волостининг мингбошиси Саййид Бекжон деган катта ер эгаси эди. Унинг шаҳарда ҳам уйи бўлиб, ҳозир бу уйда район халқ судьяси туради. Калқўрғон волостида Калқўрғон, Ражабали, Мухтор, Мошравот, Чархин дўмлари бор эди. Бизнинг оиламиз Мухтор дўмлигида эди. Бу ернинг дўми-оқсоқоли Абдусамат дўм эди. Мухтор дўмига 10 та қишлоқ қарар эди. Булар Полвонтепа, Хўжалар, Қушбеги, Қирқ эшак, Уч равот, Бой ака, Мухтор Қилич, Узун бўз, Биринч фуруш қишлоқлари эди. Ҳар бир қишлоқнинг элликбошилари бўлар эди. Уларнинг ҳаммаси катта ер эгалари эди. Асосий улпондан ташқари қўшимча дуд пули олинар эди. Иккиси ҳам пул кўринишида йиғилар эди. Камбағал халқ солиқларни тўлай олмай қарз бўлиб қолар эди. Натижада кўп киши ердан воз кечиб, қарзга ўтказиб ерсиз қолган эди. Менинг ерим 3 таноб (34 гектар) эди. Оиламизда 11 жон бўлиб қашшоқликда кун кечирар эдик.

1914 йилдан Жаҳон уруши бошланиб, солиқлар ошди. Унинг устига ҳарбий солиқ ҳам тўланар эди. Шу пайтлар уруш эҳтиёжи учун одам олиш овозаси чиқиб қолди. Биз пахта, тамаки экар эдик. Ғаллани дон бозоридан сотиб олардик. Уруш сабаб нарх-наво ошиб кетиб жуда қийналдик. Пахта экишда бойлардан олинган бўнак ҳисобига бизлардан жуда кўп баробар пул йиғилар эди. Масалан, бир ботмон пахта ҳисобига 5 сўм бўнак қарз олинса, ҳосил йиғилгач, 4-5 баробар қилиб 20-25 сўм миқдорда қайтарилиши керак эди.

1916 йилда “Николай одам олармиш” деган миш-мишлар тарқалди. Дўмлар, элликбошилар одамларни йиғиб, мажлис ўтказиб, мардикорликка одам берасизлар деб талаб қилишди. Буни эшитган халқ бирдан ғалаён кўтарди. 1916 йил июль ойида бозор кунларининг бирида Каттақўрғоннинг эскишаҳар бозорида халқ тўполон қилиб, “одам бермаймиз”, “мардикорликка бормаймиз” деб қўзғолон кўтариб, янги шаҳарга жўнади. Мен ҳам улар орасида эдим. Халқ мадраса олдига бориши билан янги шаҳар томондан казармадан чиққан аскарлар қўзғолончиларга қаттиқ ўқ отиб, фақат бизнинг қишлоқдан 4-5 киши ярадор бўлди. Бизнинг участкамиздан (Бой ака қишлоқли) қўзғолонга актив қатнашган Муллажон исмли қашшоқ бир деҳқонга ўқ тегиб ярадор бўлди ва 4-5 кун деганда уйда ўлди. Доктор қарамади. Одамлар мардикорликка бормаймиз, деб бақир-чақир қилиб уйга қайтдилар.

Каттақўрғон аҳолиси эски вақтда бир неча уруғ ва қабилаларга бўлинган. Улар араб, сарой, қиёт, тожик, манғит, хитой ва бошқалардан иборат эди. Бизнинг Мухтор, Мошровот дўмлар аҳолисининг кўпчилиги араблардан эди. Эски шаҳар ичидаги қўзғолонда ҳамма қатнашди.

Эртаси куни Мухтор дўмида араблар қўзғолон кўтардилар. Бу қўзғолонга Чийиллоқ қишлоқли Эрназар (лақаби биринч пуруш) бошчилик қилди. Шу киши отга миниб, ҳамма халқни қўзғолонга бошлади.

“Рабочий бермаймиз” деган шиор билан бойлар, элликбоши, оқсоқол, волостнойларга қарши кураш бошланди. Эрназар кўп одамларни йиғиб шаҳар томон йўлланди. Азиз Хўжа мозорига яқинлашганларида шаҳар томондан файтонда келаётган Хожи Махмуд (лақаби бўйни эгри хожи) деган бозор беги рўпара келиб қолади. Қўзғолончилар “ана битта бой чиқиб қолди” деб уни қора калтак қилишади. Шу пайт унинг опаси пайдо бўлади ва укасининг устига ўзини ташлаб, уни ўлимдан сақлаб қолади. Халқ от бозорнинг кўприги орқали Каттақўрғон шаҳрига юраверади. Кўприкда рус аскарий қисмлари қўзғолончиларга ўқ узишади. Халқ яна қочишга мажбур бўлади.

Шу воқеалардан 3-4 кун ўтгач, Калқўрғон волостининг мингбошиси Саййид Бекжон рус аскарлари ҳамроҳлигида Полвонтепага ҳамма элликбошиларни йиғиб мардикор олишни бошлади. Ҳар 4 хонадондан 1 мардикор берилиши мажбурий эди. Бизнинг Қушбеги қишлоғимизда 30 та хўжалик бўлиб, 8 мардикор беришимиз керак эди. Бизнинг қишлоқ элликбошиси Ортиқ деган киши “мардикор берилсин” деб туриб олди. Мардикор бермаган оила 1000 тангадан пул бериши керак эди. Менинг отам ҳам 1000 танга пул тўлашга мажбур бўлган.

Амаким мардикорликка кетаётгани учун, отам мени олиб қолишга ҳаракат қилди. Бир таноб еримизни гаровга қўйиб, Пашков деган рус судхўридан минг танга олиб, элликбошига берди. Шунинг эвазига мен мардикорликдан қолдим. Сайфи деган амакимиз ерсиз эди ва шунинг учун мардикорликка кетди. Бойларнинг болалари рўйхатга олинмади. Камбағаллар минг танга қарзни бойлардан олиб, бойлар янада бойиди. Камбағаллар эса еридан ажралди.

Мардикорларни шаҳарда 10-15 кун сақлаб, кейин Россияга жўнатди. Мардикорликка кетаётганларнинг кийим-кечаги, бир ойлик озиқ-овқати ҳам халқнинг бўйнига тушди.

М. Даминов, 1959 йил 13 апрель.

нашрга тайёрловчи: Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов.