Тарозидаги виждон

Кўнгилсиз воқеанинг гувоҳи бўлдим. Бозор ичида харидор ва савдогар жанжаллашаётганди. Харидор жиғибийрон бўлиб, сотувчига бақирар, у эса негадир индамай турарди. Маълум бўлдики, бу сотувчи виждонини маҳсулотига қўшиб тарозига тортиб юборибди.

Қизиқ, ўзини оқлашга ҳам сўз топа олмай, гўёки қилмишидан пушаймондек ер чизиб турган бу кимса яна қанча инсоннинг ризқини қийиб, ўзининг “жиғилдонига урган” экан? Ҳозир бу харидор жазавасидан тушиб, йўлига равона бўлгач, яна қанча содда, ишонувчан инсонларни қийратаркин?

Кўпчилигимиз бозорда озиқ-овқат, кийим-кечак, умуман олганда, уй-рўзғор буюмларининг нархи бошқа турдаги дўконларникига қараганда арзонроқ, деб ҳисоблаймиз. Бироқ, юқорида тилга олинган айрим “олғирлар” нафси ортидан ўзлари ҳаром луқма топаётганлиги етмагандек, сизу бизнинг ҳам ризқимиздаги баракани ҳавога учиради.

Озиқ-овқат маҳсулотларини олаётган пайтингиз тарозидан уриб қолиниши етмагандек, “свежий” дея оғиз кўпиртириб, орада кўзингизни шамғалат қилиб, айниган, истеъмолга яроқсизларини ҳам қўшиб юборишига қандай изоҳ беришни ҳам билмайсан киши!

Яқинда интернет саҳифаларида бир постга кўзим тушди:

“Бозорда пайпоқ сотиб ўтирган кишининг ёнига яқинлашиб:

– Ювганда ранги чиқмайдими? – деб сўрадим.

– Агар ранги чиқса,  топган пулим ҳаром бўлсин, боламни  ўлигига ишлатай, – деди савдогар.

Унинг қасамига сесканиб, уч жуфт пайпоқ сотиб олдим. Ҳар гал ўша пайпоқларни юваётганимда улардан эмас, гўё менинг дилимдан қоп-қора сиёҳ оқаётгандек бўлади. Нега унга шу саволни бердим, нега уни шу қасамни ичишга мажбур этдим!”.

Афсуски, бугун уч-тўрт сўм пул учун ҳеч нарсадан тоймайдиган бундай сотувчилар сони ортиб бормоқда. Кимнидир чув тушириб, кўпроқ даромад қилганидан суйиниш, бир инсонга зарар етказиб, ўзи фойда кўрганидан ғурурланиш учун инсонийликнинг қайси даражасида бўлиш керак?!

Албатта, ҳалол меҳнат ортидан рўзғор тебратаётганлар оз эмас, бироқ бировнинг ҳақи эвазига қозони қайнатаётганларни ҳеч бир сўз билан оқлаб бўлмайди. Динимизда ҳам қаттиқ қораланган бу ҳолатга чек қўйишни ҳар ким ўзидан бошламоғи зарур. Зеро, ўзганинг ҳақи бошқага асло буюрмайди.

Марваридбону ЖУМАЕВА.