Тасодифмас, ният софлигими ё она дуоси меваси

Ўтган асрнинг 80-йиллари охири. Кўплаб ўзбек йигитлари Афғонистон — уруш ўчоғига жўнатилаётган пайтлар. Улар орасида кўзларида ҳаётга чанқоқлик ёниб турган 18 ёшга кирган йигит - Абдулазиз Фаттоххонов ҳам бор эди.

Тоғлар орасидаги тор сўқмоқ йўлдан ҳарбий колонна илгарилаб келарди. Бир дамда кутилмаган ҳужум бошланди. Пухта режа асосида колоннанинг олдидаги ва охиридаги машиналар ўққа тутилди. Қолган уловлар эса ҳалқада қолиб кетди.

Шу онда колоннада сарбон бўлиб кетаётган Абдулазиз ўқ ёмғирлари остида машинани жарлик томон бурди. Бу муқаррар ҳалокат эди. Аммо у шу ҳаракати билан орқадаги уловлар учун йўл очиб берди. Ўзи эса афғонлар қўлига асир тушди…

Орадан кўп ўтмай, афғонлар учун жуда қимматли — илмли ва обрўли инсон руслар қўлига асир тушади. Шу билан бирга, русларнинг моҳир ҳарбий учувчиларидан бири ҳам афғонлар қўлида эди. Музокаралар бошланади. Афғон томони ўзлари учун қимматли бўлган инсонни рус учувчисига алмаштиришга рози бўлади.

Асирлар алмашинуви арафасида руслар томонидан сўралган учувчи кутилмаганда йўқолиб қолгани маълум бўлади. Афғонлар эса унинг ўрнига исталган асирни танлаб олишни таклиф қилишади. Бошқа илож қолмайди.

Шу тариқа, руслар Абдулазиз Фаттоххоновни олиб қайтишади…

Юрагида ўти бор бу йигитнинг нияти эзгу эди. Ўзи ҳалок бўлиш эвазига бўлса-да, дўстларини сақлаб қолишни истади. Жонини хатарга қўйди. Аллоҳнинг инояти билан душман қўлидан озод этилди.

Мен қизиқиб, бу ҳолатга сабабларни изладим ва топдим. Фаттоҳхоннинг онаси - мўътабар ва муштипар зот ўғлининг соғ-омон қайтиши учун уйқу билмай, кеча-ю кундуз дуо қилган экан…

Феруза САЛХОЖАЕВА.