Тожикистон театри жамоаси сўнгги 10 йилдаги илк гастрол сафарини Самарқандда ўтказмоқда
Ўзбекистон ва Тожикистон Маданият вазирликлари ҳамкорлигида икки давлат ўртасида маданият ва санъат кўприги қурилди. Ўтган йилнинг октябрь ойида Тожикистон театр жамоаси вилоят мусиқали драма театрида Михаил Зошенконинг «Жиноят ва жазо» спектаклини намойиш этган бўлса, декабрда вилоятимиз театр жамоаси Суғдда ўз репертуари билан иштирок этди.
Айни кунларда Садриддин Айний номидаги Тожикистон опера ва балет академик театри Самарқандда ижодий сафарда бўлиб турибди. Театр жамоаси томонидан самарқандлик мухлисларга “Жингалак туёқли эчкича” болалар учун мусиқали эртак ҳамда “Майсаранинг иши” опереттаси намойиш этилади.
- Маданият ва санъат миллат танламайди, - дейди театр раҳбари ўринбосари, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Содиқ Нуруллоев. – Аввало, икки халқнинг ўзаро дўстлиги, қариндошлиги, тили бошқа-ю бир миллат эканлигини айтиб ўтишим керак. Буни бугунги театр залини тўлдириб ўтирган томошабинлар олқишларидан ҳам билиш мумкин. Театримиз жамоаси 40 йил олдин 1978 йилда Самарқанд театрида спектакль намойиш этганди. Бу ердаги устоз санъаткорларнинг тажрибаси, билимлари билан ўртоқлашиб, уларнинг ижро маҳоратини ўрганганди. Уларнинг айримлари бугунги кунда театримизда фаолият юритмоқда. Бугунги ташрифимиздан мақсад ҳам ўзаро маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашишдан иборат.
Бизни самарқандликлар жуда илиқ кутиб олишди. Спектаклларимизни саҳналаштирувчи режиссёр Шавкат Халилов 4 йил мазкур театрда фаолият юритган. Бу ижодий муҳит, томошабинлар билан таниш. Вилоят мусиқали драма театри жамоаси ҳам декорациялар, оркестрлар бўйича ўз ёрдамини аямади. Худди ўз уйимизда, ўз саҳнамиздагидек спектаклларни ижро этдик.
«Жингалак туёқли эчкича» болалар учун мусиқали эртаги ҳамда «Майсаранинг иши» спектакллари кўп бор турли давлатлар театр саҳналарида қўйилган бўлса-да, бу ерда томошабин тожикистонлик актёрларнинг ўзига хос ижросини, ёндашувини, маҳоратини кўриши мумкин. Майсаранинг айёрлиги, Мулладўстнинг соддалиги, пок қалби, ўша давр муҳити, одамларнинг руҳияти театр жамоаси томонидан маҳорат билан ижро этилган.
- Яна қайси давлатларда гастрол сафарида бўлгансизлар, - деб сўраймиз С.Нуруллоевдан.
- Баъзи сабабларга кўра, сўнгги ўн йилда театр жамоаси гастрол сафарида бўлмаганди. Илк сафаримизни Самарқанддан бошладик. Шаҳрингиз азалдан нафақат тарихи, балки маданияти билан ҳам дунёга машҳур. Турли халқаро фестивалларда театр актёрларимиз иштирок этиб, муносиб ўрин олиб келишди. Сайфулло Юсупов Бишкекда, Шарофат Усмонова Карагандада бўлиб қайтди. Театримизда 400 киши фаолият олиб боради. Бугун 35 кишидан иборат делегация аъзолари билан келдик.
Театр жамоаси ижодий сафари доирасида икки давлат санъаткорлари ва ижодкорлари иштирокида "Дўстлик оқшоми" гала-концертини ҳам тақдим этди.
Вилоят мусиқали драма театрининг Тожикистонга ижодий сафари кейинги йилнинг апрель ойига режалаштирилди.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.