Темирйўлда юз берган бахтсиз ҳодисада инсон ҳалок бўлди
Кеча, 1 февраль куни соат 00:25 да Ягона диспетчерлик маркази навбатчиси томонидан Тошкент темирйўл минтақаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасига «Тўқимачи – Хамза» бекатлари оралиғида юк поезди эркак кишини уриб кетганлиги ҳақида хабар келиб тушди. Бу ҳақда ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабар берди.
Мазкур хабар асосида суриштирув ишлари олиб бориш жараёнида 3421-юк поезди «Хамза – Чуқурсой» йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган вақтда «Тўқимачи – Хамза» бекатлари оралиғининг 4-километри 5-тўсиқда ёши тахминан 35-40 ларда бўлган, европа миллатига мансуб, шахси номаълум эркак кишини уриб юборгани ойдинлашди. Ҳодисага шахси номаълум эркакнинг эҳтиётсизлиги сабаб бўлган ва натижада воқеа жойида вафот этган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида ушбу фуқаро Тошкент шаҳар Миробод туманида яшаган, 1974 йилда туғилган Т.В. экани маълум бўлди.
Ҳозирда бахтсиз ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари давом эттирилмоқда.