Теннис бўйича халқаро турнир ғолиблари аниқланди
Самарқанд шаҳридаги “Динамо” теннис кортида ўсмирлар ва қизлар ўртасида теннис бўйича “ITF World Tennis Juniors” халқаро теннис федерацияси мусобақалари тақвимига кирувчи турнир бўлиб ўтди.
Мусобақада Ўзбекистон, Россия, Беларусь,Туркия, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг 130 нафарга яқин теннисчилари беллашди.
Мусобақа натижасига кўра, ўсмирлар яккалик баҳси финалида россиялик Максим Власов ҳамюртимиз Артур Ибрагимовни 7:6, 6:1 ҳисобида мағлуб этиб, ғолибликни қўлга киритди.
Ўсмирлар ўртасидаги жуфтлик баҳсларида ҳам россиялик теннисчилар Владимир Бузаев ва Максим Власов жуфтлиги юртимиз вакиллари Илёс Аброров ва Бекзод Неъматовларни мағлуб этиб, биринчи ўринни банд этишди.
Қизлар ўртасидаги яккалик баҳси финалида россиялик теннисчи Александра Чеишвили Қозоғистон вакиласи Адеми Аманкелдини 6:1, 6:1 ҳисобида доғда қолдириб, ғолиб бўлди. Жуфтлик баҳсларида ҳамюртларимиз Муниса Ашурбекова ва Шаҳноза Маримова жуфтлиги қозоғистонлик теннисчилар Адеми Аманкелди ва Малика Амиргалиеваларга қарши кортга чиқди. Уч сет давом этган баҳсда қозоғистонлик теннисчилар ғалаба қозонди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан тақдирланди ва ғолиб спортчилар халқаро рейтинг очколарига эга бўлди.