Тентаковул Митанобод бўлади(ми?)

Инсон ўз фарзандига чиройли исм қўйгани каби яшаётган жойини ҳам чиройли номлаши керак. Жой номлари миллий менталитетимиз, қадриятларимизга мос бўлиши лозим. Аммо баъзи қишлоқларга аҳоли қандайдир воқелик билан боғлиқ ном берган. Шунинг учун ҳам бугун айрим жой номлари кулгули, маънисиз ҳисобланади. Бу номлар маҳаллий аҳоли ўртасида оммалашиб, ҳатто ҳужжатларга ҳам ёзилаётгани ачинарли ҳолдир. Масалан, Паст Дарғом тумани Тўқбой маҳалласида «Ярим» номли қишлоқ бор. Хўш, «Ярим» деган сўзнинг маъноси нима, бутун бошли қишлоққа бу ном ярашадими? Йўқ, албатта.
Паст Дарғом туман ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссия қонун талабларига зид бўлган Ярим қишлоқ аҳоли пункти номини «Янги қишлоқ», Қатортерак маҳалласидаги «Ғишт заводи» номли қишлоқни «Буюк ипак йўли» номи билан аташ ҳақида вилоятга таклиф билан чиқди.
Шунингдек, тумандаги маҳаллаларнинг номсиз кўчаларини номлаш бўйича 83 та маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгаши томонидан таклифлар берилди.
Худди шундай ишлар Пайариқ туманида ҳам амалга оширилмоқда. Тумандаги Бешкал қишлоғи номини Бешбулоқ, Кампирўлди қишлоғини Машъал, Тентаковул қишлоғини Митанобод, Қарри қишлоғини Наврўз, Қўтирбулоқ қишлоғини Саховат, Вали қишлоғини Валий, Батрак қишлоғини Каттабоғ, Қўтиркент қишлоғини Янги ҳаёт номи билан аташ ҳақида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича комиссияга таклифлар киритилди.
Юқоридаги таклифлар муҳокама ва тасдиқ учун Давергеодезкадастр қўмитаси ҳузуридаги Республика топонимика хизматига тақдим қилинди. Жой номларини ўзгартириш ҳақидаги таклифлар тасдиқланса, ғалати қишлоқ номлари юқоридаги сингари чиройли номлар билан аталади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.