Теримчи учун пахта миллий ифтихор эмас, даромад манбаи

Жорий йилда вилоятимизда фаолият юритаётган 11 та пахта-тўқимачилик кластерида 73 минг гектар ерда ғўза парваришланди. Бу майдонлардан қарийб 256 минг тонна пахта йиғиштириб олиш режалаштирилган. Айни пайтда далаларда йиғим-терим қизғин давом этмоқда.
Маълумотларга кўра, шу кунга қадар қабул манзилларига 210 минг тоннадан зиёд хомашё топширилган. Бу режанинг 82 фоизи, демакдир. Ҳали октябрь ойи ярим бўлмай туриб, ҳеч ким пахта теримига мажбурий жалб қилинмай, талаба-ю ўқитувчилар, шифокорлару бошқа ишчи хизматчилар ҳашарга олиб чиқилмасдан, бунча ҳосилни йиғиб-териб олишнинг ўзи бўлмайди, албатта.
Хўш, унда пахтани ким теряпти?
– Ким терарди, фермер хўжаликлари аъзолари, кластерлар ишчилари, қишлоқдаги ишсиз аҳоли теряпти, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Содиқ Ҳакимов. – Теримчининг меҳнатидан моддий манфаатдорлиги ошган – бир кило пахта учун камида 1500 сўмдан ҳақ оляпти. Терим пуллари ўз вақтида берилмоқда. Дала бошида иссиқ овқат ва бошқа шароит яратилган. Бундан ташқари, кластер ва фермер хўжаликлари ҳам уларни рағбатлантириб бормоқда, уй-рўзғор буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари берилмоқда. Фермер ёки маҳалла оқсоқоли эшикма-эшик кириб, одамларни пахтага чиқинглаб, деб юрган эмас. Ишлайман, мавсумда рўзғор учун бир-икки сўм топаман, деган одамнинг ўзи далага чиқяпти. Вилоят бўйича ана шундай теримчилардан иборат 1775 та отряд ташкил қилинган. Бу отрядларга 131,2 минг нафар теримчи қўшилган ва уларнинг рўйхати Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Terim.uz электрон базасига киритилди. Таҳлилларга кўра, кеча 106 мингдан ортиқ теримчи далага чиққан ва уларнинг ҳар бири ўртача 73 килограмдан пахта терган. Нарпай туманида бу кўрсаткич 81 килограмни ташкил этмоқда. Бундан ташқари, кластер корхоналарининг 50 га яқин пахта териш машиналаридан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Шу ва бошқа омиллар йиғим-терим ишларининг бир маромда кечиши ва ҳосил нест-нобуд қилинмай йиғиштириб олинишини таъминламоқда. Шу кеча-кундузда далалардан вилоят бўйича кунига 7500-7700 тонна пахта териб олиняпти, 10 миллиард сўмдан ортиқ терим пули тарқатилмоқда.
Ўтган ҳафта дам олиш кунлари Пайариқ, Паст Дарғом, Каттақўрғон туманларида бўлдик. Ҳамроҳларимиз билан бир неча йиллар аввалги ҳолатларни эсладик.
– Дам олиш кунлари шаҳардаги ҳамма ташкилот ходимлари пахта теришга ҳашарга чиқардик, – деди ҳамкасбларимдан бири. – Лекин бу кўпчилик учун гўёки саёҳатдек эди. Ҳеч ким жон куйдириб, пахта терганини эслолмайман. Буни раҳбарлар ҳам яхши биларди, лекин теримга чиққан одамлар сони муҳим бўлган эканми, шу тадбир уюштириларди. Бу одамларни далага олиб келиб, олиб кетиш харажати улар терган пахта ҳақидан кўп бўларди.
– Талабаларни айтмайсизми, қирқ-эллик кун ўқишдан қолиб, пахта терарди, – деб сухбатга қўшилди яна бир ҳамроҳимиз. – Мана, талабаларсиз ҳам, ҳашарчиларсиз ҳам пахтани йиғиштириб олса бўларкан. Шу ҳашарлар йўқолганидан буён ҳам миллион-миллион тонна пахта териб олиняпти, ҳосил далада қолиб кетмаяпти. Энг ҳайратланарлиси, терим олдингидек ноябргача давом этмаяпти. Октябрь ойидаёқ ҳосил йиғиштириб олинмоқда. Гап ишни ташкил этиш, меҳнатга яраша ҳақ тўлашда экан-да.
Ана шу суҳбатимиз сабаб бўлди-ю, вилоят бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси раҳбари билан боғланиб, «Пахта йиғим-терими даврида вояга етмаганлар меҳнати ёки мажбурий меҳнат ҳолатлари учраяптими», деб сўрадим.
– Умуман бундай ҳолат қайд этилмади, ҳатто мурожаат ҳам бўлган эмас, – дейди давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи Жонибек Азимов. – Ишонасизми, авваллари пахта йиғим-терими бошланса, ана шу мазмундаги мурожаатлар кўпайиб кетар, бу ҳолат қонунга зид бўлса-да, фуқароларга нима деб жавоб беришни билмасдик. Пахта – сиёсат, деган қараш мавжуд эди-да. Энди эса тескариси, мавсум олдидан барча фермерлар, кластерларни мажбурий ва вояга етмаганлар меҳнатига йўл қўймаслик бўйича огоҳлантирдик. Ўзимиз маҳаллаларга чиқиб, одамларга тушунтирдик. Улар ҳам бугун ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билади. Мажбурлаб ҳеч ким теримга жалб этолмайди. Бунга эҳтиёж ҳам йўқ, назаримда. Ўзим ҳам дам олиш кунлари ҳеч кимга айтмай, бировни огоҳлантирмай, далаларга чиқиб жараённи кузатдим, теримчилар билан гаплашдим. Қонунга зид ҳаракатларга гувоҳ бўлмадим, ҳеч ким норози бўлиб ҳам гапирмади.
Паст Дарғом туманида бошқа ҳудудларга қараганда энг кўп – 55 минг 100 тонна пахта хомашёси йиғиштириб олиниши керак. Бунинг учун 16,9 минг гектар ерда ғўза парваришланган. Етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олиш учун 27,9 минг нафардан фермер хўжаликлари аъзолари ва кластерлар ишчи-хизматчилари, маҳаллалар аҳолисидан иборат 442 та терим отряди ташкил қилинган. Кластер масъулларининг билдиришича, 10 сентябрдан бошланган йиғим-теримни 25 октябрга қадар тугатиш чоралари кўрилган. Шу кунга қадар туманда 40 минг 780 тонна (74 фоиз) ҳосил йиғиштириб олинибди, кунига ўртача 1600 тоннадан ортиқ пахта терилмоқда. Меҳнатга яраша рағбат – теримчиларга кунига 2 миллиард сўмдан зиёд маблағ тарқатилмоқда. Шунингдек, илғор теримчиларга кластер томонидан ҳам совғалар бериляпти.
Уларни ҳам ҳеч ким пахта даласига мажбуран олиб келмаган, тонг саҳарда чиқиб, қоронғу тушгач, кетасан, демаган. Пахта – бойлигимиз, миллий ифтихоримиз, деган гап-сўзларга ҳам ҳожат йўқ. Фермер, кластер учун бу сўзлар, балки аҳамиятлидир, лекин теримчи учун бугун муҳими меҳнатининг муносиб баҳоланиши, рағбатлантирилишида.
Ғолиб Ҳасанов.